«Ўзбекистонда яратилган стартап 3 млрд. АҚШ долларига сотилди!..» каби хабарлар янграшини хоҳлайман...
2021 йил мамлакатимизда Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили деб эълон қилинди. Таҳририятимиз шу муносабати билан янги Among youth лойиҳасини йўлга қўймоқда. У орқали юртимизнинг интеллектуал ёшлари ва уларнинг ўзига хос фикрлари билан танишиб боришингиз мумкин.
Илк суҳбатдошимиз тадбиркор, блогер ва стартаплар бўйича мутахассис Улуғбек Исматов бўлди. Қаҳрамонимиз Startupmarket.me, BeCreative Media, INTV лойиҳалари асосчиси ва Media and Project Management Group раҳбаридир.
Стартап лойиҳа ҳақида
Болаликдан жамоа тузиш, шу жамоа билан янгиликлар қилиш, умуман ривожланишга қизиқиш бўлган.
Ҳозирги кунда сиз янгилик қилолсангиз, муаммоларга ечим беролсангиз ва бундан яна даромад қила олсангиз стартапчисиз. Мен эса, аввалдан муаммоларга ечимлар қидириш ва соғлом фикрга таянганман...
Кириб келиш шундай, натижалар эса ҳар бир даврдаги жамоамизники. Бир киши ғоя генерация қилиши мумкин, лекин жамоасиз уни амалга ошириш мураккаб ёки иложсиз ишга айланади.
Стартап лойиҳа бозорда мавжуд бўлган муаммоларга ноодатий ечим таклиф қила оладиган, ноодатий бизнес модел ёки харидорларни жалб қилиш усулига эга, бундан ташқари амалга ошадиган ва кенгаядиган лойиҳадир.
Яна бир қўшимча, стартап лойиҳада технологик янгилик ҳам бўлиши шарт. Тушунарли бўлиши учун мисол келтираман. Аввал карталар орқали мобил телефон ҳисобини тўлдирган бўлсак, кейинроқ «Пайнет» хизмати юмушимизни енгиллаштирди. Ҳозир эса ўзимиз мобил иловалар, банкоматлар ёрдамида бемалол ҳисобимизни тўлдирадиган даражага келдик.
Қолаверса, бугунги кунда мобил илова орқали буюртма берилувчи таксилар, ақлли етказиб бериш хизматлари ривожланмоқда. Умуман, стартаплар кенгая олиши керак. Шу боис уларга битта давлат даражасида эмас, балки катта бозор муҳитида қараганимиз яхшироқ бўлади.
Ҳозирги кунда сунъий тафаккур, маълумотлар таҳлили, Big-Data, Machine Learning кабиларга асосланган таълим, тиббиёт технологиялари, қўшимча қулайликлар яратишга қаратилган сервислар, сотувларни оширишга, яъни тадбиркорлик субъектлари муаммоларига ечим бўла оладиган, шунингдек, автоматлаштирилган тизимларга асосланган стартапларга талаб катта. Демак, ўз-ўзидан шу йўналишларда ривожланиш имконияти ҳам юқори. Биз глобал бозор шароитларига мослашишимиз керак. Бизнинг стартаплар ривожланиши ҳудуд миқёсида қолиб кетмасдан, 500 Startups, Y-Combinator каби дунёнинг энг йирик Стартап акселератор талабларига ҳам жавоб бера оладиган бўлишигина ривожланишнинг кейинги босқичларини таъминлайди.
Муваффақиятсизликка учраган лойиҳаларим
– Иш бор жойда хатоликлар бўлиши табиий. Муҳими, йўл қўйилган хатони қайта такрорламасликдир. Тан оламан, бир қанча лойиҳаларим муваффақиятсизликка учраган. Масалан, Webber, Production House, Hot Digital Agency, Music Maker каби медиа лойиҳаларимнинг дастлабки даври муваффақиятли кечмаган. Шундай бўлса-да, муваффақиятсизликларим ҳозирги ютуқларимнинг асосий сабабчиси, деб биламан.
Хусусан, бугун мени Startupmarket.me, BeCreative Media INTV каби лойиҳалар орқали яхши танишади. Шунинг учун муваффақиятсизликка учрашдан қўрқмаслик лозим.
«Стартаплар тўғрисида»ги қонун 2019 йил Президентимизнинг ёшлар билан учрашувида «Стартаплар тўғрисида»ги қонун ишлаб чиқилишини таклиф этган этдим ва бу қўллаб-қувватланди. Қонун яқин вақт ичида қабул қилинса, бундан фақатгина хурсанд бўламан.
Ҳозир қонун дастлабки босқичда ишлаб чиқилган. Унда инвестор, бизнес ангел, венчур фондлар ва уларга берилган ҳуқуқлар тўғрисида ҳам етарлича маълумот бор. Энг асосийси, одатий бизнесдан ажратиб турувчи стартап лойиҳани аниқлаш мезонлари кўрсатиб берилган.
Стартапларга давлат томонидан имтиёзлар берилиши бу жуда муҳим аҳамиятга эга. Сабаби исталган бизнес вакили имтиёз учун ўзини стартапмен дея олмаслиги керак. Ҳозиргача эса, на давлат рўйхатидан ўтишда ва на солиққа тортиш тизимида стартап тушунчаси мавжуд эмас. Стартап ўз фаолиятини бошлаганидан кейин, балки, йиллаб фойда кўрмас, ҳатто даромад ҳам қилмаслиги мумкин. Бу даврда у солиқ тўлашга мажбур бўлса, стартапидан воз кечгани унга яхшироқ кўринади.
Яна бир муҳим маълумот, қонунда стартап виза ҳам келтириб ўтилган. Бу ҳам ўз навбатида хорижий инвесторлар ва инвестицион фонд вакилларига қулайлик яратади. Яна бир жиҳати, давлат бошқарувидаги кўп инсонлар ҳам шу баҳона стартап нималиги ҳақида яхшигина хабардор бўлади. Бир сўз билан айтганда, қонун ҳозирда мавжуд тўсиқларни олиб ташлаши ва янада катта имкониятлар яратиши лозим.
Исроил давлатидан 20та unicorn стартаплар чиққан. Нега энди биздан чиқмаслиги керак?! Албатта чиқади. Қонун бу йўлда фақат асос вазифасини бажаради, қолгани бизнинг ҳаракатимиз ва дунёқарашимизга боғлиқ.
Интеллектуаллар билан ғоялар ҳақида суҳбат қураман
– Бўш вақт камдан-кам бўлади. Бундай пайт бошқа соҳа вакиллари, интеллектуаллар билан кўпроқ ғоялар ҳақида суҳбат қураман. Бу эса ўзига хос brainstorm вазифасини бажаради.
Шу билан бирга, «Ютуб» орқали сунъий идрок, келажак, сўнгги технологиялар ҳақида видеолар томоша қиламан. Охирги вақтлар сунъий идрок, нейротармоқлар очиб бераётган имкониятлар шахсан мени илҳомлантирмоқда.
Китоб мутолааси масаласига келсак, у кундалик юмушларимдан бири десам ҳам бўлади. Айни кунларда Илон Маскнинг «Келажакка йўл» китобини ўқияпман. Бу асарни 2016 йили ҳам ўқиганман. Лекин дунёқараш даражасига қараб онг ҳазм қилиши ўзгарар экан. Чунки энди бу китобни умуман бошқача тушуняпман.
Ундан аввал Питер Дрюкернинг «Самарадор раҳбар» китобини ўқиб тугатдим.
Янги Ўзбекистонни қандай тасаввур қиламан?
– Янги Ўзбекистонда аксарият инсонлар бир йўналишда эмас, янги йўналишларда ҳам рақобатбардош бўла оладиган қатламлар бўлишини тасаввур қиламан.
Шунингдек, янгиликларда «Ўзбекистонда яратилган стартап 3 млрд. АҚШ долларига сотилди!..», «Ўзбекистонлик дастурчилар яратган сунъий идрок ўз натижалари билан рақобатчиларни ортда қолдирди!..», «Ўзбекистонлик олим Нобел мукофотини олди!..» каби хабарлар янграшини хоҳлайман.
Умуман, келажакда Янги Ўзбекистонни инсон интеллектуал ресурсларига таянадиган, ақлли тизимлардан фойдаланадиган ва қонунлар доимий яхшиланиб, замонавийлашиб борадиган давлат сифатида кўришни истардим.
Қолаверса, инсонлар нафақат шу ерда туғилгани ёки ота-онаси ўзбек бўлгани учун, балки яшаш шароитлари ва ривожланиш имкониятлари учун ҳам ватан қила оладиган Ўзбекистонни чин маънода «Янги Ўзбекистон» деб атаса бўлади. Ҳозир мамлакатимиз шу йўлдан кетаётганига ишонаман.
«Келажак» сўзи шахсан мени илҳомлантиради
– Очиғи, интенсив ахборот шовқини остида яшаётган ҳозирги давримизда бугун ёки кечанинг воқеалари билан жуда бандмиз. Бироқ мен келажак ҳақида йирик ўлчамларда бош қотиришга, келажак ечимларини ишлаб чиқишга доимий ҳаракат қилиб келаман. Шу маънода келгусида китоб ёзиш ниятим бор.
Шунингдек, ҳозир амалга ошираётган стартапларимни ривожлантириш, улар сони ва кўламини кенгайтириш, шу билан бирга, раҳбарлик қилаётган жамоамни ривожлантириш, янги мақсадлар қўйиш ва уларга етишишни мақсад қилганман. Илон Маск билан бирга ишлаш ҳам келажакдаги режаларимдан бири.
Охирги пайтлар шахсий ривожланишга кам вақт ажратаётганимни ҳис қиляпман. Шунинг учун ўз устимда янада кўпроқ ишлаб инсонларга фойдали лойиҳалар яратиш, уларни ривожлантиришни ҳам ўйлаяпман. Мана шу ишларим билан Ўзбекистон тараққиётига ҳиссамни қўшсам ўз ниятларимга эришган бўламан.
Шахсий ҳаётда эса уйланиш ва бахтли бир оиланинг эгаси бўлишни айтишим мумкин.
Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter