Ўзбекистонликлар Афғонистонга 200 млн долларлик сармоя киритмоқчи

Жорий йил 1 март куни Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Сурхондарё вилоятидаги «Термиз халқаро савдо марказига ташриф буюрган Афғонистон Савдо вазири Нуруддин Азизий бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказган.
Учрашув Ислом Амирлигидан Ўзбекистонга олий даражадаги делегация ташрифи якунлари бўйича бўлиб ўтган.
«Tolonews» нашрининг ёзишича, учрашувда томонлар Ўзбекистоннинг Афғонистонга киритаётган сармоялари, қиймати 200 миллион доллардан ортиқ сабзавот ва меваларни қайта ишлаш корхоналарини барпо этиш, Ҳайратон портида иқтисодий-савдо мажмуасини қуриш, икки давлат савдогарлари учун узоқ муддатли бизнес визаларини осонлаштириш каби масалаларни муҳокама қилган.
«Балх, Саманган ва Қундуз вилоятларида дастлабки баҳоси 200 миллион доллардан ортиққа баҳоланаётган озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш, паррандачилик, фармацевтика саноати, цемент ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, боғдорчилик ҳамда мева-сабзавотларни қайта ишлаш каби лойиҳалар муҳокама қилинди», – дейди Афғонистон Ислом амирлиги Саноат ва савдо вазирлиги матбуот котиби Охундзода Абдул Салам Жавад.
Нашр, шунингдек, айни пайтда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ўзини Афғонистоннинг асосий иқтисодий ҳамкорларидан бири деб билиши ва бундай учрашувларни икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим деб қарашини таъкидлайди.
Жумладан, Афғонистон Савдо-саноат палатаси бошқаруви аъзоси Ханжан Алокўзой ҳар икки мамлакат транспорт воситаларининг эркин ҳаракатланиши учун ўзаро транспорт, транзит ва логистика харажатлари камайиши кераклигини таъкидлаган.
«Шундагина биз Хитой, Россия ва Қозоғистон орқали транзит йўналишларимизни кенгайтиришимиз мумкин», – дейди у.
Маълумот учун, 1 март куни Термизда бўлиб ўтган икки томонлама музокаралар ҳақида Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ахборот хизмати ам маълумот берган ва унда ўзаро савдо ҳажмини 3 миллиард долларга етказиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилангани қайд этилган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter
Изоҳлар мавжуд эмас