Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонликларнинг ичимлик сувидан қарздорлиги қарийб 1 трлн сўмга етган

Ўзбекистонликларнинг ичимлик сувидан қарздорлиги қарийб 1 трлн сўмга етган

Жорий йилда аҳолининг марказлашган ичимлик суви таъминоти 74,4 фоиздан 77,2 фоизга ошди. Йил якунига қадар мазкур кўрсаткични 81 фоизга етказиш белгиланган. Бу ҳақда «Ўзсувтаъминот» АЖ ахборот хизмати раҳбари Акмал Муродов маълум қилди.

«Бу борада амалга оширилаётган ишларга қарамай бугунги кунда республикада истеъмолчиларнинг дебитор қарздорлиги 954 млрд  сўмни ташкил этмоқда. Шундан жисмоний истеъмолчиларнинг қарздорлиги 767 млрд сўмни ташкил этса, 186 млрд сўмлик қарздорлик юридик истеъмолчиларнинг ҳиссасига тўғри келяпти», – дейди Муродов.

Корхона расмийсининг қайд этишича, республика бўйича ичимлик суви ва оқова сув хизматларидан қарздорликни ундириш юзасидан тегишли ҳуқуқий чоралар кўриш бошланган ва мунтазам давом этяпти. Жумладан, жорий йил январь ойи ҳолатида дебитор қарздорликни қисқартириш бўйича судларга жами  13,6 млрд сўмлик даъво аризалар киритилди.

Республика бўйича судларга энг кўп даъво аризалари Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилояти сув таъминоти корхоналари томонидан чиқарилган.

Акмал Муродовнинг маълум қилишича, ташкилотнинг иқтисодий-ижтимоий салоҳиятига салбий таъсир кўрсатувчи ҳолатлардан яна бири бу – ичимлик ва оқова сув тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш бўлиб, жорий йил бошидан буён 696 та (етказилган жами зарар 5,5 млрд сўм) бундай ҳолат кузатилган.

Шунингдек, 450 та ҳолатда истеъмолчилар томонидан сув ўлчагичдан фойдаланиш қоидаларига амал қилинмагани натижасида 2,3 млрд сўм зарар етказилгани аниқланган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг