Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистоннинг реставрация қилинган 70 та ноёб артефакти Луврдаги кўргазмада намойиш этилади (фото)

Ўзбекистоннинг реставрация қилинган 70 та ноёб артефакти Луврдаги кўргазмада намойиш этилади (фото)

Сўнгги уч йил ичида кўргазмаларга пухта тайёргарлик ишлари олиб борилди. Бир қанча ўзбек-француз қўшма экспедициялари бўлиб ўтди, улар давомида кўплаб археологик тадқиқотлар олиб борилди. Бундан ташқари, Лувр реставраторлари ва мамлакатимиз мутахассислари бир неча босқичда кенг кўламли реставрация ишларини олиб боришди.

Реставрация қилинган буюмлар орасида Кофирқалъа қадимги шаҳар қолдиқларидан (Самарқанд) топилган, куйиб кўмирга айланган VI-VII асрларга мансуб ёғоч лавҳ ажралиб туради. Унинг олд қисмлари тозаланди ва реставрация қилинди, лавҳнинг ўзи еттита лавҳ қисмлари билан бирлаштирилди.

Жамғарма реставрация ишлари учун Лувр музейи мутахассиси Делфин Лефеврни жалб қилди, у Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институтининг етакчи илмий ходими Марина Реутова билан бирга ишлади.

Кофирқалъада топилган ўймакор нақшлар билан безалган, куйиб кўмирга айланган лавҳни консервация қилиш Сўғд тасвирий санъатининг ушбу ноёб ёдгорлигини сақлаб қолиш, куйиб кўмирга айланган лавҳларда тасвирланган сюжетларни ўрганиш, шунингдек VII аср ва VIIII аср бошидаги Самарқанд ҳукмдорлари қароргоҳида тахт ўрнатилган хонанинг архитектура безакларини график реконструкция қилиш имконини берди.

Шунингдек хом лойдан ясалган «Гулчамбар таққан Будда» ҳайкалига ҳам (милоддан аввалги I аср – милодий I аср) реставрация ишлови берилди, экспонатнинг уст қисми тозаланди ва зарарланган қисмлари мастика билан қопланди.

Бундан ташқари, Ислом оламининг ноёб объекти ва энг муҳим қўлёзмаларидан бири бўлган XIII асрга мансуб  Катта Лангар Қуръонининг 13 саҳифаси реставрация қилинди. Ушбу Қуръон узоқ вақт Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги Лангарота масжидида сақланган ва Ислом оламидаги энг қадимий Мусҳаф қўлёзма нусхаларидан бири ҳисобланади.

Жамғарма таклифига биноан муқаддас қўлёзмани реставрация қилиш ишлари Лувр музейи реставраторлари Аксел Делау ва Аурелия Стрери томонидан амалга оширилди. Маҳаллий мутахассислардан Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасининг бошлиғи Камолиддин Маҳкамов, Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона ахборот ва кутубхона ресурсларини реставрация қилиш бўлими бош мутахассиси Шуҳрат Пўлатов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасининг етакчи мутахассиси Саидаҳмад Икромов реставрация ишларида иштирок этди. Шундай қилиб, реставрация жараёнида Жамғарма маҳаллий мутахассисларнинг ушбу соҳадаги етакчи хорижий мутахассислар билан ўзаро ҳамкорлиги ва тажриба алмашиши учун шароит яратди.

Экспонатларни реставрация қилиш жараёни бошидан охиригача Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси кўмагида амалга оширилди.

Умуман олганда, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Франция мутахассислари билан ҳамкорликда Лувр музейида ўтказиладиган кўргазмага тайёргарлик кўриш учун 70 та экспонатни реставрация қилиш ташаббуси билан чиқди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг