Ўзбеклар ҳинд актёри Риши Капурни қандай қўрқитган эди?

Ҳинд киносининг машҳур актёри, режиссёри ва продюсери бўлган Раж Капурнинг ўртанча ўғли Риши Капур (1952-2020) ҳинд киноси тарихида чуқур из қолдирган. У актёр, режиссёр, продюсер, энг муҳими, ҳинд киносидаги энг севимли актёрлардан бири эди. Риши Капур тўрт марта Filmfare Awards миллий кино мукофотини қўлга киритган. У ўтган асрнинг 70–80 йиллари ёш авлодининг кумири, кинодаги роллари орқали севги, садоқат, муҳаббат, эзгулик, яхшилик улашган эди...
Риши Капурни собиқ иттифоқ ҳудудида, айниқса Ўзбекистонда билмаган одам кам эди. У жуда чиройли, истараси иссиқ актёр бўлган. Ўзбекистонда «Бобби» номи билан машҳур эди. Ўша давр ёшлари ҳинд киносининг ашаддий шайдоси бўлиб, айниқса Капурлар сулоласини яхши кўришарди. Айниқса, Риши Капур иштирокидаги фильмларни қайта-қайта кўришарди, унинг суратларини сақлаб юришар, қўшиқларини магнитафон тасмасига ёзиб олиб эшитишарди. Қолаверса, бу актёрнинг кийимлари ва соч турмагига ҳавас қилишиб, унга ўхшашга интилишарди. Ёшлар шахсий кундаликларига (қалин жилдли 48 ёки 96 варақли дафтарларига) ҳинд киноси юлдузлари, айниқса Риши Капур тўғрисидаги маълумотларни ёзишар, газета-журналлардан олинган суратлар ва мақолаларни ихчам ва чиройли қилиб елимлаб ёпиштиришарди.
Бир ойда бир марта нашр этиладиган «Кино» журнали Болливуд ҳақида 3-4 саҳифаси ёритарди, журнални газета дўконларидан топиш қийин эди. Уни топганларга илтимос қилишиб, галма-галдан ўқишарди.
Риши Капур жаҳонда танилган Капурлар сулоласида отаси Раж Капурдан кейинги поғонани эгаллаган десам муболаға бўлмайди. У машҳур киноактёрлар: амакилари Шамми ва Шаши Капур, акаси Рандхир, укаси Ражив Капурларга қараганда ҳар томонлама машҳур эди. Раж Капурнинг кинодаги «вориси» сифатида тан олинган Риши Капурни «Чинту» ҳам деб чақиришган.
Риши Москва Халқаро кинофестивалида, Тошкентда ўтказилган Осиё, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатлари Халқаро кинофестивалларида қатнашган. У биринчи бор Тошкентга отаси билан келган эди. Ўшанда Раж Капур самолётдан тушиши билан ўзбек мухлислари уни кўтариб олишган. Буни кўрган Риши Капур қўрқиб кетиб, самолётга қайтиб кирган.
2006 йилда Ўзбекистоннинг Самарқанд, Бухоро, Наманган шаҳарларида Раж Капурга бағишланган қўшиқ байрамлари бўлиб ўтди. Ўшанда Риши акаси Рандхир билан бирга келган ва тадбирларда қатнашган. У 2015 йили Тошкентдаги «Болливуд юлдузлари» концерт дастурида ҳам қўшиқлар ижро этган.
Риши Капур Ўзбекистонда кўп бўлганини таъкидлаб, давр-замон ўзгаргани, лекин ўзбекларнинг ҳиндларга нисбатан шижоати, ҳурмати ва муҳаббати ўзгармаганлигини тан олган...
Бу актёрнинг ютуқлари ҳақида жуда кўп гапириш мумкин. У юздан ортиқ фильмда суратга тушган. 1973–2000 йилларда 92 та картинада, асосан, романтик киноасарларда бош қаҳрамон ролини ижро этган. Ўзбек киномухлисларига таниш бўлган ва севиб кўрадиган филмлари: «Менинг исмим масхарабоз» (1970), «Бобби» (1973), «Қасоскор» (1976), «Амар, Акбар, Антони» (1977), «Қўшиқлар оҳангида» (1979), «Ашаддий ёлғончи» (1979), «Қарз» (1980), «Ҳаммол» (1982), «Севги касали» (1982), «Сеҳрли бриллиант» (1986), «Чандни» (1989), «Қора шаҳзода Ажуба» (1991), «Девона» (1992), «Жоним фидо» (2006), «Кўзи сўқир муҳаббат» (2006)...
Кинодаги дебюти – отаси Раж Капур суратга олган «Менинг исмим масхарабоз» (1970) фильмида бош қаҳрамон Ражунинг ёшлигини ўйнаган, бош қаҳрамонни Раж Капурнинг ўзи ижро этганди.
Филмни суратга олиш бошланганда Риши Капур 11 ёшда эди. Отаси Раж Капурда молиявий муаммолар туфайли 6 йил давомида суратга олинган. Ёш бўлишига қарамасдан Риши ролни аъло даражада ўйнаган. Филм кўплаб совринлар олиб, катта мувафаққиятларга эришди. Ундаги ёш Ражу роли учун Риши Капур АҚШда ўтказилган ҳинд кинофестивалида Миллий мукофот – «энг яхши актёр» совринини қўлга киритган.
Риши Капур мукофотни отасига топширмоқчи бўлади. Раж Капур эса ўзининг отаси, яъни Ришининг бобоси, театр ва кино актёри Притхвираж Капурга кўрсатади. Притхвираж Капур неварасининг ютуғидан жудаям хурсанд бўлиб, яхши ниятлар тилайди ва катта кинога кириб келганлиги билан табриклайди...
1973 йили суратга олинган «Бобби» кинопрокатда катта «шов-шов» кўтарди. Жумладан, уни собиқ иттифоқ ҳудуди кинотеатрларида 62 млн дан ошиқ томошабин кўрди. «Бобби» фильми бош роли учун машҳур Filmfare Awards кино совринини қўлга киритди...
Риши Капур 2006 йил Маврикийда ўтказилган тантанада фаолиятида эришган ютуқлари учун Zee Cine Awards юксак мукофотига ҳам лойиқ топилган.
Қизиқарли далиллардан бири: Риши Капурнинг кинодаги расмий дебюти 1970 йил ҳисобланади. Аслида у кинода 3 ёшлигида отаси суратга олган ва бош ролда қатнашган машҳур «Жаноб 420» (1955) фильмида қатнашган. Нафақат Риши, балки Раж Капурнинг уч фарзанди: тўнғич ўғли Рандхир (8 ёш), қизи Риту Нанда (7 ёш) ва қаҳрамонимиз Риши (3 ёш) эпизодик ролда қатнашишганди. «Жаноб 420» фильмида бош қаҳрамонлари Раж (Раж Капур) ва Рита (Наргис) ёмғирда «Бизга муҳаббат келди» қўшиғини ижро этаётган пайтда кўчадан ўтаётган уч бола ўшалардир. Дарвоқе, «Жаноб 420»да Притхвираж Капур ҳам эпизодда чиққан. Ушбу фильм уч авлод вакили қатнашган фильм эди...
Риши Капур 2020 йил узоқ давом этган оғир лейкемия касалидан сўнг, 68 ёшида оламдан ўтган.
Абдурашид Қўзибоев.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter