Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ўзмиллийбанк» АЖ: Миллийлик қадриятларимиз зийнатидир

«Ўзмиллийбанк» АЖ: Миллийлик қадриятларимиз зийнатидир

«Саккизтепки», «Марғилон машъали», «Самарқанд оқшоми», «Фарғона йўллари», «Шодиқара», «Тири камон», «Лайли», «Ширин», «Олтин калит» ва ҳоказо номлар билан аталган миллий матоларимиздан бўлган атласнинг ўзига хос тарихи, жозибадорлиги ва аҳамияти бор. Шу боис азал-азалдан ўзбек хотин-қизларининг кийим жавонини хонатласу адрасларсиз тасаввур қилиш қийин. Унинг бетакрор кўриниши, ранглари ва нақшлари кўрган кўзни қувнатиб, ҳар қандай фаслда ҳам баҳорий кайфиятни бахш этади.

Аслида, миллийлик ҳар бир халқнинг маънавий бойлигининг ажралмас қисми. Шу боис сўнгги йилларда ана шу қадриятлар занжирини давом эттириш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Республика Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг ташаббуси билан ўтган йилдан бошлаб 28 сентябрь санаси «Хонталас фестивали» сифатида нишонланадиган бўлди. «Ўзмиллийбанк» АЖ хотин-қизлари эса бу фестивалда фаол иштирок этиб келмоқда. Бу йил ҳам худди шундай республика миқёсида Ўзмиллийбанк жамоаси хотин-қизлари «Хонатлас фестивали»да эстафетани бой беришмади. Энг асосийси, ҳудудлардаги бошқармалар ва БХМ да фаолият олиб бораётган банк ходимлари бугун мижозларни одатдаги иш формасида эмас, аксинча, миллий либосларда байрамона кайфиятда қарши олишди.

– Ҳақиқатдан либос инсонларни безайди. Бугун ҳамкасбларимизнинг ёрқин ранглар акс этган миллий либосларда кўриб тўғриси, халқимизнинг қадриятларига яна бир бора тан бердим – дейди «Ўзмиллийбанк» АЖнинг Хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш ва ижтимоий дастурларни мувофиқлаштириш департаменти мутахассиси Ҳусния Эргашева. – Ҳатто ўзим ҳам анчадан буён киймаган атлас кўйлагимда ўзимни жуда бардам ва бошқача ҳис этяпман. Бу фестивални йилида бир марта эмас, яна кўпроқ ташкиллаштириш керак, назаримда.

Шоирнинг Муҳайё, Сурайё, Раъно, Муқаддас, кўзимни яшнатиб кийибсиз атлас, деган сатрлари «Хонатлас фестивали»да иштирок этган Ўзмиллийбанк жамоаси хотин-қизларининг бугунги шиорига айланди.

– Бизни одатда расмий формада юришимизга ўрганган мижозларимиз бунақа либосларда кўриб, юзларида табассум пайдо бўлди – дейди «Ўзмиллийбанк» АЖ Марказий амалиёт бошқарувчи ўринбосари Элина Сафиуллина. – Чунки фақат Наврўз байрамида кийиладиган атласларимиз ҳақиқатдан нафақат хотин-қизларимизга жозиба, мафтункорлик бахш этди, шунингдек, банк хизматларидан фойдаланиш мақсадида келган кексаю ёш юзу кўзида мамнунликни уйғотди.

Эрта тонгдан бошланган байрамона муҳит иш унумдорлиги ва мижозларнинг ҳам кайфиятига ижобий таъсир кўрсатди. Асосийси, миллатимизнинг бой маданияти ва умрбоқий қадриятлари жамоамизнинг бирдамлигида ва ҳамжиҳатликдаги саъйи-ҳаракатида ўзига хос тарзда тараннум этилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг