Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Озодбек Назарбеков: «Соҳани рақамлаштириш коррупциянинг олдини олади»  

Озодбек Назарбеков: «Соҳани рақамлаштириш коррупциянинг олдини олади»  

Маданият вазирлигида айни пайтда ишлаб чиқилаётган ягона ахборот тизими доирасида вазирлик тизимида бошқарув жараёнларини рақамлаштириш, тизим ташкилотлари паспорти ва рейтингини шакллантириш, моддий техника базаси ҳисобини юритиш, инсон ресурсларини бошқариш, ижодий фаолиятни тартибга солишга доир йиғилиш ўтказилган.

Вазир Озодбек Назарбеков соҳани рақамлаштириш орқали коррупциявий омилларнинг олдини олиш, тизимга доир маълумотларни прогнозлаштириш, олинган маълумотлар келгусидаги режаларни тўғри шакллантириш имконини беришини алоҳида таъкидлади.

«Агар бу тизим ишга тушса, қаерда ғижжакчи кўпайиб кетяпти, қаерда дуторчиларни тайёрлаш оқсаяпти, барчасини беш қўлдай билишимиз ва ушбу маълумотлар асосида давлат квоталари миқдорини шакллантириш мумкин бўлади. Қолаверса, соҳадаги вазиятни олдиндан кўра билиш, шунга қараб келгусидаги режаларимизни прогнозлаштириш имконияти пайдо бўлади», дея таъкидлади Озодбек Назарбеков.

Янги тизим тўлиқ ишга тушгандан сўнг республикадаги барча мусиқа ва санъат мактаблари, вазирлик тизимидаги олий ва ўрта махсус таълим муассасаларидаги ўқувчи ҳамда талабалар, педагогларнинг таркиби, уларнинг эришган натижалари, қайси ҳудудда санъатнинг қайси тури ривожланаётганию қайси тури оқсаётганига доир барча маълумотлардан фойдаланиш мумкин бўлади.

«Истеъдодларни турли қинғирликлар қурбони бўлишидан асраб-авайлашимиз керак. Бу жараёнда эса рақамлаштиришнинг ўрни жуда муҳим. Келгусида янги тизим ишга тушгач, ҳудудларга бориб мутасаддиларга энг истеъдодлари ёшларни кўрсатинг дейишимизга ҳожат қолмайди, қўлимизда бу маълумот бўлади. Масъуллар ҳам «ўзиникини» бизга «энг яхшилар» сифатида тақдим эта олмайди», таъкидлайди маданият вазири.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг