Озон қатлами – Ернинг кўринмас қалқони

16 сентябрь – Халқаро озон қатламини муҳофаза қилиш куни. Бу сана БМТ томонидан 1994 йилда белгилаб қўйилган бўлиб, инсониятнинг табиат олдидаги масъулиятини ёдга солади.
Илмий кашфиётдан глобал ҳаракатга
Озон қатлами – Ернинг юқори қатламларидаги кўринмас, аммо беқиёс аҳамиятли «қалқон». У инсониятни ва барча тирик жонзотларни зарарли ультрабинафша нурлардан ҳимоя қилади. Агар бу қатлам бўлмаса, тери саратони, кўз касалликлари кескин кўпайиши, қишлоқ хўжалиги ва экотизимлар издан чиқиши муқаррар эди.
1980 йилларда олимлар аниқ далиллар билан шу қатламнинг зарарли кимёвий моддалар таъсирида емирилаётганини кўрсатдилар. Бу инсон тарихида илк бор глобал экологик ҳамкорликнинг бошланишига туртки берди.
1985 йилда 28 давлат Озон қатламини муҳофаза қилиш бўйича Вена конвенциясини имзолади. Орадан икки йил ўтгач эса, тарихда энг муваффақиятли халқаро келишув деб аталган Монреаль протоколи қабул қилинди. У совутгичларда, кондиционерларда, аэрозолларда ишлатиладиган хлорфторуглеродлар (CFC) ва уларга ўхшаш моддаларни босқичма-босқич йўқ қилишни назарда тутарди.
Монреаль – инсониятнинг катта ютуқи
Протокол бир неча йўналишда 100 га яқин кимёвий моддаларни назорат қилади. Уларнинг ҳар бири озон қатламини емирувчи потенциалига қараб белгиланган муддатларда босқичма-босқич тақиқланди. Бугунги кунда Монреаль протоколи ривожланган ва ривожланаётган давлатларда тенг даражада муваффақият билан амалга оширилган. Кўплаб моддалар белгиланган муддатдан ҳам олдин йўқ қилинди.
Янги босқич
2016 йилда Руанда пойтахти Кигалида протоколга янги ўзгартириш киритилди. Бу сафар гап озон қатламини тўғридан-тўғри емирмайдиган, аммо иқлим ўзгаришига катта таъсир кўрсатадиган гидрофторуглеродлар (HFC) ҳақида борди. Улар ҳам босқичма-босқич қисқартирилишига келишилди.
Озон қатламининг тикланиши ҳақидаги янгиликлар умидбахш. Олимлар фикрича, агар белгиланган қоидаларга риоя қилинса, 2050 йилларга бориб озон қатлами тўлиқ соғайиши мумкин. Бу инсониятнинг ҳамжиҳатлик билан табиат фойдаси йўлида ҳаракат қилса, улкан ютуқларга эриша олишини исботлайди.
Биз нима қила оламиз?
Эски кондиционер ва совутгичларни фреонни чиқариб юбормай, қоидаларга кўра йўқотиш, табиатга зарарсиз маҳсулотлардан фойдаланиш, экологик одатларни кундалик ҳаёт тарзига айлантириш асосий мақсадимиз бўлиши керак.
Озон қатлами – кўзимизга кўринмайдиган, аммо ҳаётимиз учун жуда муҳим қалқон. Уни асраш – фақат олимлар ёки давлатлар эмас, балки ҳар бир инсоннинг масъулияти.
Инсоният тарихидаги ушбу тажриба бизга бир нарсани ўргатди: табиатни асрашни кечиктиришга ҳаққимиз йўқ.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter