Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Пахтакор»даги ишкалда 47 киши қўлга олинди

«Пахтакор»даги ишкалда 47 киши қўлга олинди

Фото: ИИББ

Тошкент шаҳар ИИББ «Пахтакор» стадионида кузатилган нохуш ҳолат бўйича маълумот берди.

Жорий йилнинг 11 июнь куни соат 21.00да Тошкент шаҳридаги «Пахтакор» стадионида футбол бўйича U-23 Осиё Кубоги—2022 мусобақасининг чорак финал баҳсида Ўзбекистон ва Ироқ миллий жамоалари баҳс олиб боришди.

Ўйиннинг 12 дақиқасида ўйин ҳаками томонидан Ўзбекистон миллий жамоасининг дарвозабонига қизил карточка кўрсатилиб, 11 метрлик жарима тўпи белгиланганида, мухлислар норози бўлиб, айрим томошабинлар пластмасса сув идиши ва стакан, оёқ остидаги бетон парчаларини стадионга улоқтиришган. Натижада стадионда фотомухбир булиб хизмат олиб бораётган фуқаро, 1992 йилда туғилган Ж.С. қорин бўшлиғидан жароҳат олган. Унга зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатилган, унинг аҳволи яхши бўлганлиги сабабли шу куни касалхонадан чиқиб кетган.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ томонидан текширув ўтказилмоқда.

Текширув давомида жамоат тартибини бузган 47 нафар шахслар аниқланиб, уларнинг 6 нафари: 1998 йилда туғилган А.Фахриддин, 1991 йилда туғилган Т.Сарвар, 1984 йилда туғилган Б.Тўхтамурод, 2003 йилда туғилган Ж.Бехзод, 2002 йилда туғилган В.Мехрож, 1998 йилда туғилган Х.Аброрларга суд томонидан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Бундан ташқари 10 нафар фуқаро 10 сутка маъмурий қамоқ, 3 нафари жарима жазосига тортилган, 28 нафарига нисбатан суриштирув давом этмоқда.

Шунингдек, фуқаро Ж.С. унга нарса отган шахсга нисбатан даъвоси йўқлигини маълум қилиб ва ариза ёзишдан бош тортган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг