Пойтахт, Андижон ва Қашқадарёда «ҳожатбарор» порахўрлар ушланди

Давлат хавфсизлик хизмати ва бошқа ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамкорлигида коррупцияга қарши курашиш йўналишида олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида айрим мансабдор шахсларнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди.
Андижон вилояти. Бўстон тумани ҳокимининг инвестиция ҳамда қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари ўзаро тил бириктириб, хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, тумандаги фермер хўжалигининг 500 минг АҚШ долларлик экспорт режасини сохта экспорт операциялари орқали ёпиб бериш эвазига 65 млн сўм миқдорида пора талаб қилишган.
Туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари жорий йилнинг август ойида сўралган пулнинг 25 млн сўмини аванс сифатида олади. Қолган 40 млн сўмни туман ҳокимининг инвестиция масалалари бўйича ўринбосари орқали олаётган пайтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан мазкур мансабдор шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “в”, “г” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланди.
Тошкент шаҳри. Бошқа бир ҳолатда эса фуқаро ДХХ “Call маркази”га мурожааат қилиб, 2 нафар шахс ўзларининг ҳокимликда юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали Сергели туманида жойлашган МЧЖга тегишли 1 гектар ер майдонининг тоифасини ўзгартириб, у ерда кўп қаватли уй-жой қуришга рухсат олиб бериш эвазига 900 минг АҚШ доллари талаб қилишганлигини айтади.
Миробод туманида ўтказилган тезкор тадбирда ноқонуний йўллар билан бойлик орттириш ниятида бўлган “уддабурон”лар олдиндан 220 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳолат юзасидан қонунбузарларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 28,211-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланган.
Қашқадарё вилояти. Шу вилоятда истиқомат қилувчи фуқаронинг мурожаати асосида ДХХ ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Унда Қарши шаҳридаги “Ватанпарвар” ташкилотининг вилоят кенгаши раиси ўринбосари ариза муаллифининг ўғлига имтиҳонсиз ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб бериш эвазига хизмат хонасида 20 млн сўм пулни олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.
Унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “в” банди ва 28,211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter