Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент борган АКТ-мактаб қандай шароитларга эга бўлади?

Президент борган АКТ-мактаб қандай шароитларга эга бўлади?

Фото: Президент Матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиеёв пойтахтимизнинг Яшнобод туманига ташрифи мобайнида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабнинг барпо этилиш ишлари билан танишгани ҳақида хабар берган эдик.

Фото: Президент Матбуот хизмати

2017 йилда давлат раҳбари қарори асосида фаолиятини бошлаган ихтисослаштирилган мактаб 1470 нафар ўқувчига мўлжалланган бўлиб, ўрта мактабларнинг 5-синфини тамомлаган ўқувчилар ҳар йили танлов асосида саралаб олинадилар ва бу ерда 11-синфгача таҳсилни давом эттирадилар. Айни пайтда мактаб учун янгидан қурилаётган мактабда юртимизнинг бошқа шаҳарларидан келган ўқувчилар учун ҳам шароитнинг яратилиши кўзда тутилган.

Мактабда юқори технологиялар асосида ташкил қилинган информатика синфлари, физика ва кимё, инглиз тилини чуқур ўргатишга мўлжалланган лаборатория хоналари, робототехникани ривожлантирувчи қурилмалар, технологик ижод учун қулай муҳитнинг бўлиши таъминланади. Шунингдек, спорт ва гимнастика заллари, ёпиқ бассейн, очиқ футбол, бадминтон ҳамда волейбол майдонлари, югуриш йўлаги, машғулот заллари ёшларнинг спортга бўлган қизиқишларини оширади.

500 кишига мўлжалланган фаоллар залида LED-экран ҳамда саҳнанинг яратилиши кўзда тутилган. Ихтисослаштирилган мактаб кутубхонаси, ошхонаси бир вақтнинг ўзида 500 нафар фойдаланувчига хизмат кўрсатишга мўлжалланган.

Қурилиш жараёнида мактаб фаолиятида юқори технология — қуёш панелларидан электр қувватини олишдан ҳам фойдаланилиши режа қилинган. Шу билан бирга, ободонлаштириш ва ёнғинга қарши фойдаланиш учун сув резервуарлари ҳам қурилмоқда.

Ўқув жараёнлари эса янги ёндашувдан келиб чиқиб ташкил қилинади. Замонавий ўқув дастурлари таълим соҳасида этакчи бўлган Швеция, Финляндия, Австралия ва бошқа мамлакатлар тажрибаси асосида шакллантирилади. Натижада ёшларга ахборот-коммуникация технологияларини ўқитишнинг миллий ва халқаро педагогик ютуқларини жам қилган мактаб дастури ишлаб чиқилади. Ўқув жараёнида ўқувчиларнинг ўзлаштириш кўрсаткичлари ҳамда иштироки алоҳида назорат остига олинади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг