Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент қарори билан Баҳодир Жалолов бокс мактаби ташкил этилади

Президент қарори билан Баҳодир Жалолов бокс мактаби ташкил этилади

Фото: Президент матбуот хизмати

Бокс бўйича Баҳодир Жалолов спорт маҳорати мактабини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори эълон қилинди.

Қайд этилишича, Спортни ривожлантириш вазирлиги тизимида Бокс бўйича Баҳодир Жалолов спорт маҳорати мактаби (кейинги ўринларда – бокс мактаби) ташкил этилади.

Қарор билан бокс мактабининг асосий вазифалари белгилаб берилган.

Бокс мактаби ўз фаолиятини 2022/2023 ўқув йилидан бошлайди.

Унда ўқувчиларининг умумий контингенти жами 175 нафарни ташкил этиб, улар 5-11-синф ўқувчиларидан иборат бўлади.

Бокс мактаби ўқувчиларини умумтаълим дастурлари бўйича ўқитиш уларга энг яқин жойлашган умумий ўрта таълим мактабларида амалга оширилади.

Бокс мактаби ўқувчиларини яшаш учун жиҳозлар, суткалик озиқ-овқат нормаси, спорт кийим-боши ва анжомлари, форма билан таъминлашда олий маҳорат спорт мактабларининг нормативлари татбиқ этилади.

Ўқувчиларни текин (имтиёзли) овқатлантириш харажатларини қисман қоплаш учун ота-оналар тўлови ундирилмайди ҳамда ўқувчилар тўлиқ Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан озиқ-овқат билан таъминланади.

Тегишли ташкилотларга 2022 йил 1 августга қадар Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, 9-мавзеда жойлашган 259-сон умумий ўрта таълим мактаби ҳудудида замонавий бокс мактаби ташкил этилиш ва жиҳозлаш топширилган.

Бокс мактабини ташкил этиш ва жиҳозлаш учун Давлат бюджетидан жами 25 миллиард сўм йўналтирилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг