Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент Тўқаев референдумда «ваколат муддати узайтирилиши» масаласига ойдинлик киритди

Президент Тўқаев референдумда «ваколат муддати узайтирилиши» масаласига ойдинлик киритди

Фото: «Akorda.kz»

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 1 июнь куни Миллий фанлар академиясининг 75 йиллиги доирасидаги сессияда сўзлаган маърузасида бир қатор муҳим сиёсий масалаларга аниқлик киритди. 

Саноқли кунлардан кейин, 5 июнда Қозоғистонда мамлакат конституциясига ўзгартиришлар киритишга доир референдум бўлиб ўтади. Қ.Тўқаев мазкур умумхалқ овоз бериш тадбири давлат мансабдорларининг ваколат ёки имтиёзларини ошириш учун ўтказилмаётганини урғулади.

«Референдумга жамиятимизда ҳам, хорижда ҳам катта қизиқиш билдирилмоқда. Бу эса ижтимоий-сиёсий ўзгаришларга талаб катта экани, айни чоқда, одамлар реал ўзгаришларга ишонаётганидан далолатдир. Бу табиий ҳол, зеро, ислоҳотлар айрим шахслар, жумладан, президентнинг имтиёзларини ошириш учун эмас, балки жамият манфаатларини кўзлаб ўтказилмоқда. Мамлакат ичида ва хорижда мендан амалдаги давлат раҳбари референдум орқали ўз ваколат муддатини узайтириш, замонавий истилоҳ билан айтганда, «ноллаштириш»ни мақсад қилганми дея саволлар берилмоқда. Жавобим шу: бундай мақсад бўлмаган, бўлмайди ҳам!» – деди Қ.Тўқаев.

Қайд этилишича, конституциявий ислоҳотлар инсон ҳуқуқлари ва эркинларини ҳимоя қилиш тизимини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш ва ҳокимият фаолиятининг шаффофлигини оширишга қаратилган.

Қозоғистон раҳбари, айни чоқда, популизм ва сиёсий «чайқовчилик»ни қоралаб, демократик жамият қуриш изчил, тизимли жараён эканини таъкидлаган.

«Мамлакатимизда юқори сиёсий масъулият маданияти шаклланмоғи лозим. Айни шу маданиятгина сиёсий соҳада радикализм ва популизмнинг илдизини қирқиш қодир», – деди Қ.Тўқаев.

Шунингдек, референдум сиёсий ислоҳотларнинг якуни эмас, балки бошланиши экани қайд этилган.

«Олдимизда турган референдум мамлакатдаги сиёсий эврилишларнинг хотимаси эмас, балки муқаддимаси эканини таъкидлашни истардим. Иш энди бошланаётир. Негаки, ҳаётнинг ўзи ва фуқароларнинг талаб-истаклари бизга янги вазифалар қўймоқда. Биз сиёсий жабҳада шок терапияси номақбул эканини унутмаслигимиз керак. Мураккаб геосиёсий шароитда у аянчли оқибатларга – таназзул, ҳатто давлатчиликнинг бой берилишига олиб келиши мумкин», – деди  Қозоғистон раҳбари.

Таъкидланишича, референдум Янги адолатли Қозоғистон барпо этиш йўлидаги дастлабки жиддий қадам бўлади.

Аввал хабар берганимиздек, Қ.Тўқаев жорий йил 16 март куни Қозоғистон халқига йўллаган мурожаатида жиддий сиёсий ислоҳотлар бошланаётганини эълон қилган эди. Жумладан, сиёсий монополиядан босқичма-босқич воз кечилиши, суперпрезидентлик бошқарув шаклидан кучли парламентга асосланган президентлик республикаси тизимига ўтилиши, давлат раҳбарининг яқин қариндошлари сиёсий лавозимларни эгаллаши ман этилиши, оммавий ахборот воситаларининг айрим шахслар буюртмасига кўра ишлашига йўл қўйилмаслиги каби салмоқли ўзгаришлар ваъда қилинган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг