Путин Россиянинг «икки яқин дўсти» кимлигини айтди
Ҳиндистон ва Хитой Россиянинг яқин дўстлари саналади. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин India Today нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.
«Ҳиндистон ва Хитой бизнинг яқин дўстларимиз ва биз буни жуда қадрлаймиз», деди давлат раҳбари Россиянинг ҳар икки давлат билан қандай муносабатда бўлиши ва яхши муносабатларни сақлаб келаётгани ҳақидаги саволга жавоб берар экан. Россия раҳбари, шунингдек, Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди ва Хитой раиси Си Цзинпин давлатлараро энг мураккаб масалаларга ҳам ечим топишга интилаётганини таъкидлади. Путиннинг сўзларига кўра, мамлакатлар келишувга эриша олишининг асосий сабаби ҳар икки етакчининг «донолиги»дир.
«Биз бундан жуда хурсандмиз, лекин биз ўзимизни (Хитой-Ҳиндистон муносабатларига) аралашишга ҳаққимиз йўқ, деб ҳисоблаймиз. Бу икки томонлама муносабатлар», - дея қўшимча қилди президент.
Владимир Путин Ҳиндистонга икки кунлик давлат ташрифи билан келди ва унинг доирасида Бош вазир Нарендра Моди билан учрашди. Президентнинг Россия-Ҳиндистон бизнес-форумида ҳам иштирок этиши режалаштирилган. Путин аллақачон India Today телеканалига интервью бериб, унда Доналд Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер билан учрашуви ҳақида гапириб, Вашингтоннинг тинчлик режасини яна бир бор изоҳлади ва Киевни Донбасдан қўшинларини олиб чиқиш ва можарога барҳам беришдан бош тортишда айблади.
Эслатиб ўтамиз, санкциялар сабаб Ғарбдан иҳоталанган Россия Осиё давлатлари билан муносабатларни ривожлантиришга интилмоқда. Украина уруши фонида Ҳиндистон Россия нефтининг энг йирик харидорларидан бирига айланди. Айнан шу сабабли АҚШ-Ҳиндистон муносабатларида таранглик вужудга келди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter