Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Путин яна арининг инига чўп суқди

Путин яна арининг инига чўп суқди

Фото: ТАСС

Россия президенти Владимир Путин 29 февраль куни мамлакат парламенти юқори палатаси – Федерал мажлисга йўллаган мурожаатида ташқи сиёсатга доир масалалар ҳақида гапиратуриб, ядро қуроли шай ҳолатда эканига ҳам шаъма қилган эди.

«Стратегик ядро кучларимиз кафолатланган тарзда қўллов учун тўлақонли шай ҳолатда турибди. 2018 йилги мурожаатда қайд этилган ва режалари эълон қилинган қуролларимиз бўйича ишлар якунланди ёки якунланиш босқичида», – деди Путин.

Кремль хўжайини, шунингдек, Россия қуролли кучлари жанговар имкониятлари кўп карра ортганидан гап очди. Умуман, маъруза давомида у мудофаа саноатини янада кучайтириш, қуролланиш масаласига бир неча марта тўхталди. 

Путин стратегик ядро қуроли шай ҳолатда эканини баралла эълон қилиш билан яна бир карра арининг инига чўп суққандек бўлди. Айни пайтда Ғарб матбуотида бу борада қизғин баҳс-мунозаралар кечмоқда.

Буюк Британиянинг «The Telegraph» газетаси Россия раҳбарининг ушбу баёнотини «таҳдидли огоҳлантириш» деб атади.

«Daily Mail» нашри ҳам буни «очиқ таҳдид» деб баҳолади.

Германиянинг «Bild» нашри «Путин Ғарб мамлакатларига ҳужум билан таҳдид қилмоқда» деб бонг урди.

«Frankfurter Allgemeine Zeitung» газетасига кўра, Путин яна ядро қуроли ҳақида гапириб, аввало, жорий йил март ойида ўтадиган президентлик сайлови арафасида ўзини мамлакатнинг қўрқмас ва толмас ҳимоячиси сифатида кўрсатишга уринмоқда. Қолаверса, стратегик ядро қуроли писандаси замирида Ғарбнинг Украинага кўмагини тўхтатишга уриниш ётибди.

“Москвадан таҳдид”. Карикатура муаллифи: Pepsch Gottscheber

Айни чоқда, олмон нашри Путиннинг огоҳлантиришларини эътиборсиз қолдирмаслик ва унга ядро қуролини ишга солишнинг оғир оқибатларини аниқ-тиниқ тушунтириш лозим деб ҳисоблайди.

«Путиннинг ўй-хаёлида заррача шубҳа қолмаслиги керак: агар у ақлсизларча ядро тугмасини биринчи бўлиб босар экан, шубҳасиз иккинчи бўлиб ўзи ҳам ўлади», – деб ёзади «Frankfurter Allgemeine Zeitung».

АҚШнинг «Newsweek» нашри ёзишича, Путин ядро қуролига доир баёнот билан Ғарб давлатларини Украинага қўшин юбориш фикридан қайтаришга уринмоқда.

Аввалроқ Франция президенти Эмманюэль Макрон Ғарб давлатларининг аскарлари Украинага йўлланишини истисно этмаган эди.

Германиянинг «Der Spiegel» журнали ҳам Путиннинг таҳдидли баёнотини Макронга жавоб деб талқин қилди. 

Туркиянинг «Milliyet» газетаси эса ҳозирги вазиятни «цивилизацияни йўқ қилиши мумкин бўлган фожиали ҳолат» деб баҳолади.

Германиянинг сўл йўналишдаги «taz» газетаси Кремль раҳбарини «буюк манипулятор» деб атар экан, ҳаммаси «похолдўқ» эканини урғулади.

Буюк Британиянинг «Financial Times» нашри махфий ҳужжатларга таянган ҳолда, ҳозирги паллада Россиянинг тактик ядро қуролини ишга солиш эҳтимоли паст деган хулосага келган.

Аксар нашрлар замонавий дунёда халқаро ҳамжамиятга оммавий қирғин қуроли билан таҳдид солиш номақбул тенденция эканини қайд этиб, Путиннинг Украинада ғалаба қозонишига асло йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлаган.

Путин аввал ҳам дунё ҳамжамиятига ядро қуроли билан таҳдид солган эди. У, хусусан, 2022 йил 27 февраль куни, Украина урушидан бир неча кун ўтгач, Россия мудофаа вазирлигига ядро қуролига алоқадор кучларни ҳарбий навбатчиликнинг махсус режимига ўтказиш ҳақида буйруқ берган эди. Мазкур таҳдидли баёнот ортидан эҳтимолий ядро зарбаси хусусида муҳокамалар қизғин тусга кирди.

Бир муддат олдин АҚШ Марказий разведка бошқармаси раҳбари Уильям Бёрнс Россия томонидан ядро қуроли ишга солиниши истисно этилмаётганини билдирганди.

«Президент Путин ва Россия раҳбариятининг соғлом ақлдан йироқ хатти-ҳаракатлари, шунингдек, улар (Украинада) дуч келган ҳарбий мушкулотларни ҳисобга олганда, тактик ядро қуроли ёки кичик қувватли ядро қуролини ишга солиш борасидаги таҳдидга ҳеч ким эътиборсиз қарай олмайди», – деган У. Бёрнс.

МРБ раҳбари Россиянинг ядро қуролини ишга солиш эҳтимоли борасида муттасил кузатув олиб борилаётганини маълум қилар экан, ҳозирча бундай қалтис қарор қабул қилинганига далил йўқлигини таъкидлаган.

Украина томони ҳам ядро қуролини Путин қўлидаги сўнгги «кўзир қарта» деб атаган.

Cтокҳолм тинчлик муаммоларини ўрганиш халқаро институти (SIPRI) маълумотларига кўра, 2023 йилда АҚШ, Буюк Британия, Исроил, Россия, Франция, Ҳиндистон, Хитой, Шимолий Корея, Покистон каби дунёнинг 9 давлати жами 12512 дона ядро каллагига эгалик қилган. Оммавий қирғин қуролларининг 9576 таси ҳарбий мақсадда фойдаланишга яроқли, 2000 таси эса юқори жанговар шай ҳолатда экани қайд этилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг