Қандай қилиб «Тешик тоғора» билан қолиб кетмаслик мумкин: мутахассис рақамли маркировкалаш нега кераклигини айтди
«Технопарк» масъулияти чекланган жамияти сифат бўлими бошлиғи Азиз Жалилов «Asl Belgisi» тизими орқали истеъмолчилар маиший техника воситаларининг ҳақиқийлигини қандай қилиб осон ва тез текшириши мумкинлигини тушунтириб берди.
Аввалроқ хабар берганимиздек, ҳукуматнинг 148-сонли қарорига асосан жорий йилнинг 15 апрелида Ўзбекистонда илк бор маиший техника воситаларини рақамли маркировкалаш жорий этилганди.
Биринчи навбатда, аҳоли ўртасида талаб юқори бўлган ва шунга мос равишда энг кўп қалбакилаштириладиган маҳсулотлар мажбурий маркировкаланиши керак эди. Гап телевизорлар, кир ювиш машиналари, чангютгичлар, совутгичлар, музлатгичлар ва мониторлар ҳақида бормоқда.
Давлат божхона қўмитаси маълумотларига кўра, республикага ноқонуний олиб кирилаётган маиший техникалар орасида телевизор ва чангютгичлар етакчилик қилмоқда. Масалан, жорий йилда умумий қиймати 126 миллион сўмдан ортиқ бўлган 180 дона чангютгич ва қарийб 370 миллион сўмлик 145 дона телевизорнинг мамлакатимизга ноқонуний олиб киришига чек қўйилди.
Рақамли маркировкалаш товарларнинг ноқонуний айланиши билан боғлиқ бундай муаммоларни ҳал қилишга ёрдам беради. Код товарларнинг ҳаракатини кузатиш, унинг эгаси ҳақида айтиб бериш ва истеъмолчига ҳақиқий маҳсулотни танлашда ёрдам бериш имконини беради.
Пилот лойиҳанинг фаол иштирокчиси – «Технопарк» ташкилоти мамлакатимизда маркировкалашни йўлга қўйишга тайёр турган эди. 15 апрел куни биринчи маркировкаланган кир ювиш машиналари ва музлатгичлар конвейердан чиқди.
«Технопарк» сифат бўлими бошлиғи Азиз Жалилов маркировкалаш билан ишлаш жараёни ҳақида гапириб берди.
— «Технопарк» МЧЖ қандай турдаги маҳсулотларга маркировкани қўллайди?
– Тўғридан-тўғри бўлимимиз ҳақида гапирадиган бўлсак, биз автоматик кир ювиш машиналарини ишлаб чиқарамиз. Пилот лойиҳа якунида биз рақамли кодга эга маҳсулотларни ишлаб чиқаришни давом эттирдик. 2022 йил 1 январдан бошлаб барча маҳсулотларга маркировка кодлари қўлланилади. Умуман олганда, аввало кир ювиш машиналари, совутгичлар, музлатгичлар ва устунли кондиционерлар маркировкаланиши керак: улар маркировкаланиши лозим бўлган товарларнинг 1-гуруҳига киритилган.
— Янги тизимнинг жорий этилиши ишлаб чиқаришда қийинчиликлар ёки узилишларга олиб келдими?
— Мураккаб қийинчиликларга учрамадик. Мутахассислар Asl Belgisi Data Matrix кодларини автоматик равишда яратиш ва қабул қилиш учун биз фойдаланадиган MES тизимини зудлик билан бирлаштиришди. CRPT-Turon ходимлари тизим фаолияти давомида юзага келган муаммоларга тезкорлик билан жавоб қайтарди ва уларни ҳал қилишда ёрдам берди. Шунингдек, биз операторнинг қўллаб-қувватлаш хизмати ёрдамидан фойдаланамиз. Бу эса бизга тажриба лойиҳада иштирок этишда катта ёрдам берди: мажбурий маркировкалаш ишга туширилгандан кейингина пилот лойиҳа муҳим ва тўғри қарор эканлигини англадик. Тажриба давомида керакли ускуналарни танлашга, тизимларни бирлаштиришга, ходимларни ўқитишга ва Asl Belgisi тизими орқали кодларни буюртма қилишга муваффақ бўлдик. Биз бунга тайёр эдик. Тизим тўлиқ автоматлаштирилган бўлиб, барча операциялар ишчи кучи аралашувисиз бажарилади. Data Matrix кодлари қўлланилиши 2 босқичда амалга оширилади: маҳсулотнинг ўзида ва қадоқлаш пайтида. Кодлар қўлланилиши конвейер ишига муаммосиз бирлаштирилган. Тизим «соат каби» ишлайди, деб бемалол айтиш мумкин.
— 1 августдан бошлаб яна қандай маҳсулотлар маркировкаланади?
— 1 августдан бошлаб кир ювиш машиналарининг янги моделларини маркировкалашни давом эттирамиз. Шу билан бирга, яна иккинчи гуруҳ маҳсулотларини маркировкалаш бошланади: маиший газ печлари, ошхона дудбўронлари, духовка ва печкалар, микротўлқинли печлар, дазмоллар ва сув иситиш қозонлари.
— Asl Belgisi тизимининг афзалликлари нимада?
— Бугунги кунда истеъмолчи харид қилаётган маҳсулот сифати ва ҳақиқийлигига ишонч ҳосил қилишни истайди. Бу тўғри, чунки маиший техника — кундалик эҳтиёж товари эмас. Шу сабабли, умид ҳам катта: истеъмолчи маҳсулот сифатига, унинг ишлаш муддатига талаблар қўяди. Бу маиший техника танлашга алоҳида ёндашувни оқлайди.
Товарларни маркировкалаш шаффоф товар айланмасини яратиш, ҳалол рақобатни ривожлантириш, солиқ ва божхона тўловларини ошириш орқали давлат бюджетини тўлдириш воситасигина эмас.
Энг муҳими, маркировкалаш истеъмолчиларнинг ишончини уйғотади, чунки рақамли кодлар уларга тўғри танлов қилиш ва қалбаки маҳсулотларни сотиб олишдан ҳимоя қилиш имконини беради. Кир ювиш машинаси ёки телевизор сотиб олмоқчи бўлган харидор биринчи навбатда ўз ёрдамчиси – «Asl Belgisi» мобил иловасидан фойдаланади, маҳсулотдаги кодни сканерлайди ва маслаҳатчи билан узоқ суҳбатлашмасдан, товар ҳақида тўлиқ ва батафсил маълумот олади. Бу рақамли технологияларнинг катта афзаллигидир.
— Рақамли маркировкалашдан қандай умидлар бор?
— Ишлаб чиқарувчи сифатида мен маиший техника бозорини соядан олиб чиқишни режалаштирмоқдаман, бу эса ишлаб чиқарувчилар ва импортчилар ўртасида ҳалол рақобатни кучайтиради. Бундан ташқари, ўз брендингизни ҳимоя қилиш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва аҳолига хорижлик ҳамкасблардан асло кам бўлмаган кенг турдаги маҳсулотларни таклиф қилиш имкониятлари пайдо бўлади.
Истеъмолчи сифатида мен сотиб олишдан олдин маҳсулотнинг ҳақиқийлигини текширишни, ишлаб чиқарувчилар ва импортчиларга ишонишни, ўз танловимга ишонч ҳосил қилишни ва «тешик тоғора» билан қолмасликни хоҳлардим.
1 августда иккинчи гуруҳ маҳсулотларининг рақамли маркировкасига старт берилди. Эндиликда маиший газ плиталари, ошхона дудбўронлари, духовкалар ва печкалар, микротўлқинли печлар, дазмоллар, сув иситкичларнинг аслиятини текшириш имконияти пайдо бўлади. Эслатиб ўтамиз, истеъмолчилар «Asl Belgisi» иловаси (Android va iOS) ёрдамида маҳсулот сифатини текшириб, сохтани асл нусхадан ажрата олишлари мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter