Қарши тарихини биласизми?

Қадимги манбаларда Боло, Нашеболо, Никшопа, Нахшаб, Насаф номлари билан юритилган. XIV асрдан бошлаб Қарш деб юритилган. Энди шуларнинг барчасига батафсил тўхталамиз.
Ҳозирги Ерқўрғон ўрнида энг қадимги даври, яъни милоддан аввалги VIII-VII асрларда кичик бир тураржойлар мажмуи сифатида пайдо бўлиб, унинг атрофи девор билан ўраб олинган. Милоддан аввалги VI асрда шаҳар атрофида одамлар келиб ўрнашиши натижасида умумий майдони анча кенгайган ва Нахшаб деб аталган. Македониялик Александр миоддан аввалги 329-йилда Оксни, яъни Амударёни кечиб ўтганда ўша даврдаги Сўғднинг пойтахти Мароканда йўлида қадимги Кеш ва Нахшаб турар эди. Албатта Александр шаҳарни вайрон қилади. Милоддан аввалги ИИ-И асрларда Заҳҳоки-Морон қалъаси бунёд этилиб, унинг атрофига одамлар кўчиб келиб, шаҳар тусини олади ва у ҳам Нахшаб деб аталади. Милодий В асрда Кидарийлар даврида Қароргоҳ бўлиб хизмат қилган. Турк хоқонлиги ва Сосонийлар иттифоқининг VI асрдаги Эфталийлар билан бўган урушлари даврида Нахшаб тамоман вайрон бўлган. Орадан вақт ўтгач одамлар ҳозирги Шулликтепа атрофига Қашқадарёнинг чап қирғоғига кўчиб ўтганлар ва баланд мудофаа девори билан ўралган шаҳар бунёд этганлар. Бу шаҳар ҳам Нахшаб деб аталган.
Араблар даврида Х асрда шаҳар Насаф деб аталиб, ижтимоий-иқтисодий ва маданий жиҳатдан ривожланиб, ўзига хос мусулмон марказларидан бирига айланади. Ўз даврида Насафдан жуда кўплаб олимлар етишиб чиққан.
Чингизхон қўшини 1220-йилда шаҳарни вайрон қилишади. Кейинчалик чингизий ҳукмдорлардан Кепакхон пойтахтни илк бор Мовароуннаҳрга кўчирмоқчи бўлади вас ҳу мақсадда Насафдан 5 км узоқликда бўлган жойда сарой қурдиради. Янги бунёд қилинган шаҳрни Қарши деб атайди. “Қарши” сўзи мўғул тилида сарой маъносини билдирган. Маълумот учун Кепакхон 1318-1326-йилларда хонлик қилган. Бу жой ҳозирги Қарши шаҳрининг 3-жойда ўрнашиши бўлди.
Амир Темур даврида шаҳарга катта эътибор берилиб, ғишт ва пахса деворлар билан ўраб олинади. Бу даврда шаҳар мудофаа хандақли 4 кўприкли мустаҳкам қўрғон бўлган. Кейинчалик Аштархонийлар ва Манғитлар сулолалари даврида бўлғуси ҳукмдорлар, яъни тахт ворислари бошқарадиган вилоят мақомида бўлган. Бухоро амирлиги даврида Қарши бекликнинг маркази бўлиб, амирликнинг муҳим иқтисодий марказларидан бири бўлган.
Қаршида пул зарб қилинадиган зарбхона ва порох ишлаб чиқариладиган ўзига хос корхоналар бўлган. Бухоро Россия империясининг протекторатига айлангач, Самарқанд, Жиззах каби шаҳарлар Туркистон генерал губернаторлиги таркибига ўтиб кетгач Қарши амирликннинг, деярли, марказий шаҳарларидан бири бўиб қилди. Собиқ Шўролар даврида ва мустақиллик даврида вилоят маъмурий маркази мақомида қолмоқда.
Мен ушбу мақолада вилоятимиз маркази Қарши шаҳри тарихи ҳақидаги маълумотлардан бир томчи келтирдим холос. Унинг тарихи ҳақида бир неча китоб битиш мумкин, камина оддий тарих ўқитувчиси сифатида халқимизга озроқ бўлсада, шаҳримиз тарихини эслатганимдан хурсандман.
Бахтиёр Ҳайитов,
Деҳқонобод туманидаги 7-сонли умумий ўрта таълим мактабининг тарих фани ўқитувчиси.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter