«Қочоқ оталар»нинг бири мактабдан, бошқаси эса бозордан топилди
Мажбурий ижро бюроси Бухоро вилояти бошқармасининг «Xabar.uz»га билдиришича, бухоролик икки нафар алимент қарздорлиги бор қочоқ оталар Тошкентнинг турли манзилларидан топилган.
Бюронинг Шофиркон туман бўлими иш юритувида бўлган, фуқаролик ишлари бўйича Ғиждувон туманлараро судининг 2022 йилдаги ижро ҳужжатига асосан, қарздор С.О.дан ундирувчи С.Д. фойдасига икки нафар фарзанди таъминоти учун алимент тўловларини ойма-ой тўлашдан қочиб, яшаш уйидан чиқиб кетган.
Қарздор отага нисбатан бошқарма шўъбаси томонидан қидирув эълон қилинган. Қочоқ ота Тошкент шаҳри Шайхонтохур туманидаги 59-мактабдан топилган. У шу мактабнинг қурилиш ишларида ишлаб келаётган бўлган. Қарздор қочоқ ота С.О.га нисбатан тегишли чора кўриш учун тўпланган ҳужжатлар давлат ижрочисига топширилган. Ўрганувга кўра, қочоқ отанинг жорий йил ҳисобида 7,1 млн. сўмни қарздорлиги мавжуд бўлган.
Худди шундай ҳолат Қоракўл туманилик қарздор ота Х.Т. томонидан ҳам содир этилган. Фарзандига алимент тўлови тўлашдан қочиб юрган бу ота Тошкент шаҳрининг Бек барака бозоридан топилган. Ва бу қарздорнинг алимент тўловларидан қарзи 11,7 млн. сўмни ташкил этиб тургани аниқланган. Айни пайтда унга нисбатан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.
«Кейинги пайтларда кичик оилавий келишмовчиликлар сабаб ёхуд айрим эркакларнинг турмуш юкини тортиш учун ҳаракат қилишдан чекиниши оқибатида ажрашиб кетаётган ёш оилалар кўпаймоқда. Кўпчилик оталарнинг алимент қарздорлигини тўлашдан қочиб, турли хориж давлатларига ёхуд яшаш манзилидан узоқ вилоятларга чиқиб кетаётгани уятли ҳолат. Қарздор оталар қаерга қочишмасин, барибир, топилади. Алимент тўловидан бош тортиб, маълум муддатга қамоқ жазосини ўтаб чиқса ҳам у – қарздорлигини бартараф этишга мажбур»,-дейди Бюронинг Бухоро вилояти бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Шавкат Кенжаев.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter