Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Қон билан ёзилган қонунлар ёхуд нега Қобилжон Эмметт Тилл бўлолмайди?

Қон билан ёзилган қонунлар ёхуд нега Қобилжон Эмметт Тилл бўлолмайди?

foto: Xabar.uz

Америка ўзини демократия, эркинлик, инсон ҳуқуқлари ватани деб аташни яхши кўради. Лекин бу мамлакатнинг ҳар бир катта қонуни, ҳар бир «илғор ислоҳоти» ортида бир қурбонлик бор. Аммо кўплаб қурбонликлар берилса-да силжиш ва ўзгариш қилаолмаётган мамлакатлар ҳақида нима дея оламиз?
Бир пайтлар Америкада ирқчилик жуда авж олган. Қора танли инсон инсон эмас, мулк ҳисобланган пайтлар бўлган. Кейин «мулк» деган сўзни олиб ташлашган, аммо уларга нисбатан муносабат ўзгармаган.
Бундай қотилликлар қайд этила бошлаган 1882 йилдан бери штатда 500 дан ортиқ, жанубда эса 3000 дан ортиқ ирқий қотиллик қайд этилган. Зўравонликнинг энг юқори чўққиси 1876-1930 йиллар оралиғида содир бўлган.

Эмметт Тилл

Ирқий нафрат шу қадар кучли эдики, Эмметт Миссисипига келишидан бир ҳафта олдин қора танли фаол Ламар Смит суд биноси олдида отиб ўлдирилган. Уч нафар оқ танли гумондор ҳибсга олинган бўлса-да, улар тез орада қўйиб юборилди.
Эмметт Тиллнинг ўлдирилиши фуқаролик ҳуқуқлари ҳаракатини тезлаштирган муҳим воқеа бўлди. 1955 йилнинг декабридаёқ Алабама штатида Монтгомери автобусига бойкот бошланди, бу бир йилдан ортиқ давом этди ва АҚШ Олий судининг қарорига кўра жамоат транспортида сегрегация (ирқий камситиш, миллатга ажратиш)ни конституцияга зид деб топди. Тарихчиларнинг таъкидлашича,

Тиллнинг ҳаёти ва ўлими билан боғлиқ воқеалар бугунги кунда ҳам жамиятга таъсир кўрсатмоқда.
Фожеали воқеа 14 ёшли чикаголик афро-америкалик Эмметт Лоуис Тилл 1955 йилнинг ёзида Миссисипининг кичик шаҳарчасида жойлашган қариндошлариникига борганида юз берди. Тилл маҳаллий дўконга киради ва у ерда оқ танли 21 ёшли Керолин Браянт билан суҳбатлашади. Уларнинг ўртасида нима содир бўлгани аниқ эмас, лекин Тилл унга гап отишда айбланади. Агар унинг хатти-ҳаракати беғараз ҳазил бўлса ҳам, бу қора танли болакай ўша даврдаги оқ танли аёл билан мулоқот қилиш мумкин бўлмаган, яъни ёзилмаган қоидаларни бузган. Ушбу воқеадан бир неча кун ўтгач, Каролиннинг эри Рой Браянт ва унинг ўгай укаси Ж.В. Милам қуролланиб, Тиллнинг уйига бостириб киради ва уни мажбуран олиб кетади. Улар ўсмирни шафқатсизларча дўппослайди, бошига ўқ узади, жасадини дарёга ташлаб юборишади, уч кундан кейин Тиллнинг шишган танаси топилади.
Жасад Чикагога олиб кетилади ва боланинг онаси очиқ тобут билан оммавий дафн маросимини ўтказишни талаб қилган. Унинг нега қурбон бўлганини ва аянчли юзини бутун дунё кўришини истайди онаизор.

Эмметт Тилл онаси билан

Кейинчалик бу қарор ўғлининг жасадини бутун дунёга кўрсатишдан кўра, кўпроқ нарсани амалга оширди – бу Америкадаги ирқчилик муаммосини, ваҳший «линч» (қонунсиз жазолаш) амалиётини ва мамлакат демократик институтларининг заифлигини фош қилди. Ўн минглаб одамлар Эмметт Тиллга ҳурмат бажо келтириш учун келдилар ва газета-журналларда чоп этилган аянчли фотосуратлари нафақат қора танлилар, балки ирқчиликка қарши бўлган оқ танли фуқаролар орасида норозилик уйғотди.

Шу ерда айтиб ўтиш керакки, худди бугунги кунда Қобилжоннинг йиғлаб қочаётгани ва қонга беланган танаси кўпчиликда раҳм-шафқат, ўлдирган ўсмирга нафрат уйғотганидек, худди кечаги кунда унинг жасадини тупроққа қўйиш учун минглаб одамлар борганидек. Аммо... бу норозилик Америкада ўлдирилган Эмметт Тилл фожеасига айнан ўхшаш бўлса-да, мамлакатлар сиёсатида ниманидир ўзгартирадими?

Эътибор беринг, қора танлиларнинг ҳуқуқлари мунтазам равишда поймол қилинадиган Миссисипи штатида бу ҳолат алоҳида эътиборни тортди. Маҳаллий ҳокимият дастлаб қотилликни қоралаб, айбдорларни жазолашга ваъда берган бўлса-да, миллий танқидлар тўлқинидан сўнг улар штат аҳолисини ҳимоя қилишга ва ҳатто қотилларнинг ҳаракатларини билвосита оқлашга ўтишди. Бу ҳолатни рус сигментида кўришингиз мумкин. Айниқса, ОАВлар бу воқеага юзаки эътибор қаратгани янаям афсусланарлиси.
Ҳа, 1955 йил сентябрь ойида оқ танли ҳакамлар ҳайъати қотилларни оқлади. Судни қайта кўриб чиқиш имконсиз бўлганлиги сабабли, бир йил ўтгач, жиноятчилар «Look» журналига самимий интервю бериб, Тиллни қийноққа солиб ўлдирганликларини тан олишди...
Ривожланган давлатнинг фуқароси бўлиш учун фақат давлат ривожланиши эмас, фуқароларнинг ҳам онги, дунёқараши ўсиши керак экан-да. Қотиллик қилганлар қилмишларини очиқ-ойдин ўзини оқламасдан тан олиши ҳам прогресс аслида. Бизда-чи? Марказий Осиё халқлари фуқароларида ҳам мана шундай мардларча тан олишни кузатиш мумкинми?
Ривожланган давлатда инсон қотиллик қурбони бўлса, аввало жамият ўзини сўроқ қилади. Бизда эса бундай воқеалар рўй берса жим бўламиз ёки бошқаларни айблаймиз. Қобилга ўхшаган қурбонлар эса шунчаки статистикага айланади. У аслида Эммет. Тилл бўлиши керак эди, тизимни титратган исм бўлиши мумкин эди. Лекин бу учун битта шарт бор...

Роза Паркс
Роза Паркс АҚШдаги ирқий сегрегацияга қарши курашнинг машҳур тимсолларидан бири сифатида танилган. 1955 йил 1 декабр куни у автобусда ўтирган жойини оқ танли йўловчига бўшатишдан бош тортган. Ўша пайтда қонунга кўра, қора танли йўловчилар автобуснинг орқа қаторларида – «қора танлилар учун ажратилган ҳудуд»да ўтириши шарт эди. Агар автобусда оқ танлиларга ўтириш жойи етмай қолса, ҳайдовчи қора танли йўловчидан жойини бўшатишни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлган. Бундай ҳолларда ҳайдовчи «қора танлилар учун» деган белгини янада орқа қаторга кўчирар, ҳатто айрим пайтларда қора танлиларга умуман ўтириш жойи қолмасди.

Роза Паркс автобусда

Уч нафар қора танли эркак талабга бўйсуниб, автобуснинг орқа қисмига ўтади. Аммо Роза Паркс ўрнидан турмайди. Айрим манбаларга кўра, у: «Менимча, туришим шарт эмас», – деб жавоб берган.
Кейинчалик Паркс доимий ҳақоратлар ва адолатсиз ирқий қонунларга бўйсунишдан чарчаганини, шу сабабли ўрнидан туришдан бош тортганини айтади. У шундай деб ёзган:
«Одамлар мен жуда чарчаганим учун ўрнидан турмаган, дейишади. Бу нотўғри. Мен 42 ёшда эдим, қария эмасдим. Мен битта нарсадан чарчаган эдим: доимий равишда йўл беришдан». Ҳайдовчи қонунга кўра, уни куч билан тушириб юбориш ҳуқуқига эга эди, аммо у полиция чақиришни афзал кўрди.
Роза Паркс ушбу ҳайдовчи билан аввал ҳам муаммога дуч келган. 12 йил олдин у автобусга олд эшикдан чиқиб, ҳақ тўлаган, аммо ҳайдовчи уни қора танлилар каби орқа эшикдан чиқиб киришга мажбурлаган. Паркс бунга рози бўлмай, автобусдан тушиб кетган ва ўша пайтда ўзига-ўзи қасам ичган: «Бу ҳайдовчининг автобусига бошқа чиқмайман».
Роза Паркс «жамоат тартибини бузгани» учун ҳибсга олинди ва 10 доллар жарима ҳамда 4 доллар суд харажати тўлашга ҳукм қилинди. У қарор устидан шикоят берди.
Шу йилнинг ўзида Миссисипи штатида афроамерикалик ўсмир Эмметт Тилл оқ танли аёлга тегажоглик қилган, деган ёлғон айб билан ўлдирилгани мамлакатда ирқий муаммоларни янада кескинлаштирган эди.

Қонунга ўзгартириш киритилаётган кун

Мартин Лютер Кинг ва автобус бойкоти
Роза Паркснинг ҳаракати Мартин Лютер Кингни қора танли аҳолининг оммавий автобус бойкотини ташкил этишга илҳомлантирди. Бойкот 381 кун давом этди. Қора танлилар автобусдан фойдаланишни тўхтатишди, ишга пиёда боришди, таксилар эса рамзий ҳақ эвазига хизмат қилди.
Натижада шаҳар бюджетига катта зарар етди. Кўплаб фаоллар ҳибсга олинди, Кинг ва Никсон уйлари портлатилди. Роза Паркс ишидан ҳайдалди, эри ҳам ишсиз қолди. Оила оғир қашшоқликка тушди.
1956 йил 13 ноябрда АҚШ Олий суди автобусларда ирқий сегрегация Конституцияга зид, деган қарор чиқарди.
Бойкотдан кейин Паркс оиласи таҳдидлар сабаб жанубни тарк этишга мажбур бўлди. Аммо у борган жойда ҳам расизм сақланиб қолган эди. Кейинги 40 йил давомида Роза Паркс фаол жамоат арбоби бўлиб қолди, фуқаролик ҳуқуқлари учун курашни тўхтатмади. Роза Паркс ўтирган автобус ҳозирда Генри Форд музейида намойиш этилади.

Фото: Очиқ интернет манбаи

Қобилжон фожеаси
Ушбу воқеалар билан Қобилжон фожеаси ўртасида фарқ йўқ ва жуда катта. Агар бу воқеа ўша Эмметт Тилл, Роза Паркс яшайдиган жамиятларда содир бўлганида эди, одамлар оч, ишсиз қолишдан қўрқмасдан ўша юртга бориб ишлашдан бош тортарди, ҳамма оммавий ўша юртни ташлаб чиқиб кетарди. Балки шунда юрт сиёсати ўзгарарди, қайтиб келган аҳоли учун янги иш ўринлари яратишга ҳаракат бошланарди, балки ҳатто коррупцияга аста-секин барҳам бериларди...
Қобилжон ўлдирилди. Энди нима бўлади?
Россияда тожик бола Қобилжон миллати учун ўлдирилди. Айрим телеграм каналларда боланинг ўлими масхара қилинди, кулгули смайликлар қўйилди, «битта мигрант камайибди» қабилидаги изоҳлар ёзилди.
Бу энди шунчаки жиноят эмас. Бу инсонни инсон сифатида кўрмаслик даражасига етиб борган нафрат.

Нафрат қачон бу даражага чиқди?
Россияда миграция сўнгги йилларда кескин ошди. Айниқса, Марказий Осиёдан келган ишчи муҳожирлар сони кўпайди. Иқтисодий инқироз, уруш, санкциялар фонида ким айбдор бўлиши керак? Албатта, энг ҳимоясиз қатлам муҳожирларда.
Нафрат сиёсий овозга айланди. Телешоуларда, интернетда, ҳатто расмий баёнотларда ҳам «муҳожир жиноятчи», «муҳожир хавф» деган образ қотиб қолди. Бу образ одамларни қўрқитади. Қўрқув эса зўравонликка олиб келади.
Қобилжонни ўлдирган қўл якка шахсники бўлиши мумкин, Лекин уни тарбиялаган муҳит жамоавий. Интернет эса жиноятни оқлаётган майдонга айланяпти.
Мана шу ерда давлатнинг жавобгарлиги бошланади. Чунки нафрат тили бу ҳам зўравонлик. У аввал сўзда, кейин зўравонликда намоён бўлади.

Агар бола ўлими устидан қотган смайлик қўйиб, хайп орқали пул ишлаётган телеграм каналларга чора кўрилмаса, агар изоҳлар жавобгарликсиз қолса эртага, яна ўнлаб Қобилжонлар қурбон бўлади.
Ирқий ёки миллий нафрат асосида қилинган жиноятлар алоҳида ва қаттиқ жазоланиши шарт. Интернетда нафрат қўзғатиш «сўз эркинлиги» эмас, жиноят экани аниқ белгилаб қўйилиши керак.
Бу нафақат муҳожирнинг эмас, балки жамиятнинг ўз муҳофазаси учун ҳам муҳим. Нега одам ўз юртида яшамасдан бегона юртда хор бўлиши керак? Энг оғир савол шу.
Муҳожирлик ҳар доим ҳам танлов эмас, мажбурият. Камбағаллик, ишсизлик, коррупция, ёпиқ иқтисод, инсон қадрининг йўқлиги муҳожирликка мажбурламаяптимикан, деган саволни ҳар бир мамлакат ўз олдига қўйиш вақти келди.
Нега худди шу марказий осиёликлар Европа ёки АҚШда ишлаб юрганда деярли бундай очиқ камситишга учрамайди?
Европа ва АҚШда ирқий ёки миллий нафрат асосида қилинган жиноят алоҳида жиноят ҳисобланади, бола фожеасидан пул ишлаш учун унинг ўлимини хайп қилган контентлар ёпилади, нафрат сўзи «фикр» деб эмас, хавф деб баҳоланади.
Ривожланган давлат сифатида тан олиниш учун яхши шарт-шароит, муқим иш жойи, қурилган баланд-баланд иншоотларнинг ўзи етарли эмас. Ривожланган давлатлар қаторига кириш учун ҳақиқий бағрикенг бўла олиш, гуманизм, эмпатия деган фазилатларни ҳам ғоя сифатида кенг ёйиш керак... Минг қудратли бўлинг, олимларингиз, муҳандисларингиз, армиянгиз кучли бўлса-да кичкина болани миллати учун ўлдирсангиз ва бунга бефарқ қарасангиз ҳеч қачон ривожланган давлатлар қатори бўла олмайсиз...
Қобилжон бутун Марказий Осиё халқларига шуни кўрсатиб кетди, унинг ўлими бизга битта ҳақиқатни бақириб айтди: одамни хор қилишга рухсат берилган жамиятда, болалар ўлими оддий ҳолга айланади. Бу нафақат муҳожирлик муаммоси, балки инсон қадри муаммоси ҳам эмасми?
Агар ҳукумат уйғонмаса, оналар жим турса, ҳамма яна ҳаётини аввалгидек давом эттирса, ўзгартиришни, ўзгаришни истамаса нафрат камаймайди, Қобилжонлар эса кўпайиб боради...
Қобилжон нега Эмметт Тилл бўлолмайди, нега Роза Паркс бўлолмайди? Нимадирларни ўзгартириш ҳақида ўйлаяпсизларми?

Барно Султонова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг