Қорақалпоғистон ва Тошкентда дорифурушлар қўлга олинди

Қорақалпоғистон ва Тошкент вилоятида кучли таъсир қилувчи дори воситалари савдоси билан шуғулланиб келган шахслар ушланди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Мўйноқ тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.
Унда дори воситалари савдоси билан шуғулланиб келган Ж.Б. фуқаро А.Р.га 140 та капсуладаги “MOLECULE PLUS” номли инсон руҳиятига кучли таъсир қилувчи дори воситасини 1,4 млн сўмга сотган вақтида ушланиб, унинг ёнидан сотиш мақсадида олиб келинган 6 турдаги жами 886 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган.
Шу каби, Департаментнинг Нурафшон шаҳри бўлими ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Ж.И.нинг бошқарувидаги “Matiz” русумли автомашинаси тўхтатилиб, ундан 10 дона оқ-қизил рангли капсуладаги дори воситаси ашёвий далил сифатида олинган. Шундан сўнг Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур туманида давом этган тадбирда Ж.И.га 900 минг сўм эвазига дори воситаларини етказиб берган фуқаро М.М.дан 10 дона оқ-қизил рангли капсула кўринишдаги ҳамда “Карбалекс” номли 5 дона дори воситаси ва 900 минг сўм ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 251-1-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи моддаларни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш ёки бундай моддаларни ёхуд заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter