Қўшни давлатлардан олиб ўтилган 11 килодан ортиқ наркотик модда ушлаб қолинди
Наманган вилояти ҳудудидан ўтувчи «Чортоқ-Наманган» йўналишида ҳаракатланаётган Nexia автомобили тўхтатилиб, кўздан кечирилганда унда йўловчи сифатида кетаётган муқаддам судланган 38 ёшли шахснинг ёнида 2 кг. 47 гр. «гашиш» моддаси аниқланди.
ДХХ ходимлари томонидан олинган наркотик моддалар процессуал тартибда расмийлаштирилиб, ушбу фуқаронинг яшаш хонадонидан ҳам келгусида сотиш мақсадида сақланаётган 4 кг. 942 гр. «гашиш» олинган.
Терговга қадар текширув давомида, ушбу наркотик моддалар муқаддам қирғизистонлик наркокуръерлар томонидан Чортоқ туманига олиб келиниб, хуфия жойга қолдириб кетилганлиги маълум бўлди.
Давлатобод туманида ўтказилган тезкор тадбирда эса Янгиқўрғон туманида яшовчи, муқаддам судланган 28 ёшли шахс ўзининг бошқарувида бўлган Lacetti автомашинасида 1 кг. 842 гр. «гашиш» моддасини Наманган шаҳрида истиқомат қилувчи, 40 ёшли фуқарога 14 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, келишилган пулдан 10 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланди.
Терговга қадар текширув давомида, ушбу гиёҳвандлик воситасини қирғизистонлик наркокурьер муқаддам Янгиқўрғон туманидаги хуфия жойга қолдириб кетганлиги маълум бўлди.
Шунингдек, Самарқанд вилоятининг Ургут туманида яшовчи, 1988, 1995, 1998 йилларда туғилган 3 нафар фуқаро Тожикистондан олиб келинган 936 гр. «опий» моддасини харидорга бериб, ундан келишилган пул маблағини олган вақтларида Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органлари ходимлари томонидан ушланди.
Тезкор тадбир давом эттирилиб, уларнинг жиноий шериги бўлган – 1992 йилда туғилган ургутлик шахс ҳам ушланди.
Таъкидланишича, мазкур шахсларнинг 2 нафари муқаддам содир этган жиноятлари учун судланган бўлсаларда, ўз хатоларидан тўғри хулоса чиқаришмаган.
ДХХнинг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, Қувасой шаҳрида яшовчи, 38 ёшли шахс муқаддам тожикистонлик жиноий шериги томонидан Қувасой шаҳридаги хуфия жойга қолдириб кетилган 950 гр. «гашиш» моддасини олиб, уни 37 ёшли ҳамшаҳарига пулини кейинчалик бериш шарти билан 6 минг АҚШ долларига сотган вақтида ушланди.
Терговга қадар текширув давомида, ушбу наркотик савдосига Қувасой шаҳрида яшовчи, 2002 йилда туғилган фуқаро ҳам алоқадор эканлиги аниқланиб, у ҳам қўлга олинди.
Бошқа ҳолатда эса Қўқон шаҳрида яшовчи, 1963 йилда туғилган шахс Тожикистондан олиб келинган 492 гр. «гашиш» моддасини 75 млн. сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда мазкур шахсларнинг барчасига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter