Қозоғистон ҳукумати хорижликлар учун бензин нархини оширмоқчи
Қозоғистон Энергетика вазирлиги хорижий фуқаролар учун бензин ва дизел ёқилғиси нархини ошириш тўғрисидаги буйруқ лойиҳасини эълон қилди. Бунда қозоғистонликлар учун мотор ёқилғиси нархи ўзгармайди.
Буйруқ лойиҳасида хорижий фуқаролар учун АИ-92 ва АИ-93 русумли бензин нархи литри учун 245 тенге этиб белгиланиши назарда тутилган. Дизел ёқилғиси нархи литри учун 315 тенге бўлади.
Маҳаллий ҳайдовчилар учун эса ҳайдовчилик гувоҳномаси ва Қозоғистонда берилган транспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси тақдим этилганда нарх ўзгармайди - кунига 300 литргача бўлган ҳажмда литри учун 205 тенге. Шунингдек, қозоғистонликлар дизел ёқилғисини литри учун 295 тенгедан сотиб олишлари мумкин бўлади.
Мамлакат энергетика вазирлигининг тушунтиришича, бу «ички бозорда ёқилғи балансини сақлаш, шунингдек, нефт маҳсулотлари оқими ва «кулранг» экспорти хавфини минималлаштириш учун» амалга оширилмоқда.
«Ҳозирда ёқилғи нархлари давлат томонидан тартибга солингани туфайли Қозоғистон Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари орасида ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари нархи энг паст бўлган давлат ҳисобланади. Бу эса, ўз навбатида, нефт маҳсулотларининг бошқа мамлакатларга оқими ва «кулранг» экспорти хавфини оширмоқда», – дейилади Энергетика вазирлиги муносабатида.
Таққослаш учун, Тошкентда АИ-92 литри учун 10500 сўм (372 тенге), Бишкекда 63,25 сўм (318 тенге), Оренбургда АИ-92 литри 49,35 рубл (237 тенге)ни ташкил қилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter