Қозоғистон компанияси Humo тўлов тизимини хусусийлаштиришда иштирок этмоқчи
Қозоғистоннинг Kaspi финтех компанияси Humo тўлов тизимининг оператори бўлган «Миллий банклараро процессинг маркази» АЖ устав капиталидаги 100 фоиз давлат улушининг кимошди савдосида иштирок этиш истагини билдирди. Тегишли хат Ўзбекистон Давлат активларини бошқариш агентлигининг маслаҳатчиси сифатида фаолият юритувчи Deloitte халқаро компаниясига юборилган.
Forbes.kz нашрининг компания раҳбари ва ҳаммуассиси Михаил Ломтадзега таяниб ёзишича, компания Humo тўлов тизимининг жорий бизнес моделини ривожлантиришни режалаштирмоқда.
– Биз нақд пулсиз тўловлар ўсишига туртки берадиган ва иқтисодиёт ривожланишига ҳисса қўшадиган тўлов технологиялари ҳамда хизматларини такомиллаштириш бўйича улкан тажрибамизга таяниб, Humo тўлов тизимининг жорий бизнес моделини ишлаб чиқишни режалаштирмоқдамиз, – дейди Михаил Ломтадзе.
У, шунингдек, компания Ўзбекистонда технология ва ходимларга катта сармоя киритишни режа қилаётгани, бу эса тўлов хизматларини барча иштирокчилар учун янада қулайроқ қилишига ишонишини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, Humo – бу Ўзбекистонда ва хорижда операцияларни амалга ошириш учун банк карталарига асосланган тўлов тизими бўлиб, унда 27 миллион дона HumoCard муомалага чиқарилган, 6 400 та банкомат ва 210 мингдан ортиқ терминаллар мавжуд.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter