Қозоғистон Россияга урушда фойдаланиш мумкин бўлган товарлар экспортини тақиқлади
Қозоғистон Россияга урушда ишлатилиши мумкин бўлган 106 турдаги товарларни экспорт қилишни тақиқлади. Бу ҳақда Kaztag нашри мамлакат Савдо ва интеграция вазири ўринбосари Қайрат Торебаевга таяниб маълум қилмоқда.
«Биз (Россияга, -таҳр.) барча товарлар экспортини амалга ошираверамиз. Фақат урушда фойдаланиш мумкин бўлган товарлар бундан мустасно. Гап 106 турдаги товарлар ҳақида кетяпти - биз уларни экспорт қилишни бутунлай тақиқладик», – деди Торебаев пайшанба кунги Сенат мажлисида.
Қайд этилишича, бу маҳсулотлар сирасига дронлар, электрон чиплари ва урушда қўлланилиши мумкин бўлган бошқа электрон техникалар киради.
«Кўрсатилган 106 номдаги маҳсулот Қозоғистонда ишлаб чиқарилмайди, лекин аввалроқ (яъни Россия-Украина урушига қадар, -таҳр.) Қозоғистон орқали реэкспорт қилинган. Қозоғистонга импорт амалга оширилади, лекин экспорт амалга оширилмайди. Улар нафақат Ғарбда, балки бошқа мамлакатларда ҳам ишлаб чиқарилади», – тушунтирган Торебаев.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter