Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қозонингизда “саратон” қайнамаяптими?

Қозонингизда “саратон” қайнамаяптими?

Бугун бозор расталарига қарасангиз, ташқи кўриниши ялтироқ, нархи эса жуда арзон бўлган алюминий қозонлар энг кўп сотилаётган маҳсулотлар қаторида.

Сўнгги йилларда халқаро илмий доираларда алюминий идишларнинг хавфсизлиги бўйича турли тадқиқот ва муҳокамалар давом этмоқда. Айниқса ҳимоя қатламига эга бўлмаган, арзон ишлаб чиқарилган маҳсулотлар борасида эҳтиёткорликка чорловлар кўпаймоқда.

Мутахассислар таъкидлашича, деярли ҳамманинг уйида топиладиган анодланган алюминий қозонлар махсус оксид қатлами билан қопланган бўлиб, у металлнинг овқат билан бевосита реакцияга киришишини камайтиради. Бундай идишлар одатда ялтироқ эмас, балки хира, матовий кўринишда бўлади.

Бозордаги кўплаб арзон қозонлар эса айнан шу ҳимоя қатламига эга эмас. Бу ҳолат айниқса юқори ҳароратда ва кислотали маҳсулотлар билан ишлатилганда металлнинг оз миқдорда ажралиши эҳтимолини оширади.

Помидор, лимон, сирка каби кислотали маҳсулотлар алюминий билан реакцияга киришиши мумкинлиги илмий адабиётларда қайд этилади.

Халқаро тадқиқотларда алюминийнинг ортиқча миқдори инсон организмида турли биологик жараёнларга таъсир кўрсатиши мумкинлиги айтилган.

Айрим илмий тадқиқотлар алюминийнинг асаб тизими тўқималарида тўпланиши когнитив функцияларга таъсир қилиши мумкинлигини кўрсатади.

Мутахассислар узоқ муддат шундай қозонлардан фойдаланиш хотира пасайиши ва диққат сусайиши каби оқибатларга олиб келиши мумкинлигини ҳам таъкидлашади.

Сифатсиз алюминий идишларда доимий овқат тайёрлаш ошқозон шиллиқ қаватига ҳам таъсир кўрсатиши мумкинлиги ҳақида айрим гастроэнтерологик фикрлар мавжуд.

Бироқ “алюминий бевосита ошқозон саратонини келтириб чиқаради” деган хулоса ҳозирча илмий жиҳатдан тўлиқ тасдиқланмаган. Шу боис бу масалада аниқ эмас, балки эҳтиёткор ёндашув муҳим.

 

Алюминий организмдан асосан буйраклар орқали чиқарилади. Агар буйрак фаолиятида муаммо бўлса, металлнинг чиқиши секинлашиб, организмда тўпланиш эҳтимоли ортиши мумкин.

Айрим тадқиқотларда у кальций алмашинувига таъсир қилиши мумкинлиги ҳам қайд этилган, бу эса суяк мустаҳкамлиги билан боғлиқ муаммолар хавфини оширади.

Бугунги кунда деярли ҳамманинг ошхонасини замонавий гранит қозонлар безаб туради. Хўш, ёпишмайдиган гранит қозонлар аслида нимадан тайёрланади?

Сўнгги йилларда "гранит”, “тош қопламали” ёки “non-stick” қозонлар жуда оммалашди. Уларнинг асосий афзаллиги овқат ёпишмаслиги ва қулай тозаланиши.

Бироқ мутахассислар муҳим бир жиҳатни таъкидлайдилар, бу идишлар ҳақиқий гранит тошдан эмас, балки алюминий асос устига қопланган сунъий қопламадан тайёрланган

Қоплама тирналса ёки юқори ҳароратда қоплама емирилиши мумкин. Металл асос очилиб қолса, захарланиш хавфи ортади.

Шу сабабли мутахассислар металл идишлардан эҳтиёт бўлиш, юқори оловда узоқ вақт қиздирмаслик ва фақат ишончли компанияларнинг маҳсулотини танлашни тавсия қилади.

Ошпазлар ва тажрибали мутахассислар орасида энг кўп тавсия қилинадиган вариант — чўян қозонлар. Чунки у иссиқликни узоқ сақлайди, таомни бир маромда пиширади, юзлаб марта ишлатишга чидамли, тўғри парваришланса ўн йиллаб хизмат қилади. Айниқса қопламали чўян қозонлар фойдаланишда янада қулай ҳисобланади.

Қозон танлаш — бу оддий уй анжомини танлаш эмас, балки узоқ муддатли саломатлик ва хавфсизлик билан боғлиқ жиддий қарордир. Арзон нарх ҳар доим ҳам тўғри танлов дегани эмас.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг