Рақамли тузоқ ва ёшлар — гиёҳвандликка қарши кураш
Ҳар куни миллионлаб ёшлар смартфонини қўлига олади, ижтимоий тармоқларга киради, янгиликлар ўқийди, видеолар томоша қилади. Бу замонавий ҳаётнинг оддий манзараси. Аммо шу манзара ортида кўзга кўринмас бир таҳдид яширинган. Бу — рақамли воситалар орқали ёшлар орасида кучайиб бораётган гиёҳвандликнинг янги тўлқини.
Бир пайтлар гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдоси кўча-кўйларда, яширин учрашув жойларида амалга оширилган бўлса, бугун у интернет тармоқлари, мессенжерлар ва ижтимоий платформаларга кўчмоқда. Энди хавф эшигимизни тақиллатиб келмайди. У бизнинг уйимизга фарзандларимиз қўлидаги телефон орқали кириб келмоқда.
Муаммонинг энг хавотирли жиҳати шундаки, гиёҳвандлик энди фақат тиббий ёки ҳуқуқий масала эмас. У мамлакатнинг келажаги, ёшлар салоҳияти ва жамият барқарорлигига дахлдор стратегик муаммога айланиб улгурди.
Глобал манзара
Бугунги кунда дунё бўйлаб гиёҳванд моддалар истеъмоли билан боғлиқ ҳолатлар тобора ортиб бормоқда. БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (UNODC)нинг ҳисоботига кўра:
- 296 миллион киши — 2022 йилда наркотик моддаларни камида бир марта истеъмол қилган. Бу 2012 йилга нисбатан 23 фоизга кўп.
- 39,5 миллион киши — наркотикка боғлиқлик касаллиги билан оғрийди, аммо уларнинг 80 фоизидан ортиғи ҳеч қандай даволаниш ёрдамини олмаган.
- 500 мингдан ортиқ одам — ҳар йили наркотикка боғлиқ сабаблар туфайли вафот этади.
- 30 фоиз — глобал наркотик савдосининг рақамли каналлар (сайт ва ижтимоий тармоқлар) орқали амалга оширилаётган қисми бўлиб, бу кўрсаткич 2018 йилга нисбатан икки баробар ошган.
Ёшлар сегментида муаммо янада ўткир. 15-34 ёшлилар барча наркотик истеъмолчиларининг 60 фоиздан ортиғини ташкил этади. Айнан шу гуруҳ иқтисодий жиҳатдан энг фаол, оилавий муҳитни шакллантиришда муҳим ўрин тутадиган қатлам ҳисобланади.
Ўзбекистондаги тенденция
Мамлакатимиз ҳам бу глобал муаммодан четда эмас. Ўзбекистон географик жиҳатдан муҳим транзит ҳудудда жойлашгани сабабли хавф омиллари доимо мавжуд. Кейинги йилларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятларга қарши қатъий чоралар кўрилаётган бўлса-да, рақамли муҳитда тарқалаётган янги психоактив модда (анъанавий усулларда аниқланиши қийинроқ бўлган наркотик препарат)лар ва яширин онлайн савдо каналлари янги чақириқларни юзага келтирмоқда. Бу эса профилактика, мониторинг ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти олдига янги вазифаларни қўймоқда.
Қолаверса, наркотик истеъмоли билан боғлиқ тиббий мурожаатлар орасида 18-30 ёш гуруҳи улуши ортиб бормоқда.
Шу боис гиёҳвандликка қарши курашга фақат жазо ёки тақиқ нуқтаи назаридан ёндашиш етарли эмас. Дунё тажрибаси ҳам шуни кўрсатмоқда: муаммонинг илдизига қарши курашиш учун давлат, таълим тизими ва фуқаролик жамияти биргаликда ҳаракат қилиши лозим.
“Бу мумкин эмас”, “бундай қилма...”
Аввало, давлатнинг роли ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Қонунлар, стратегиялар ва муассасалар орқали муаммога қарши тизимли ёндашув шакллантирилади.
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 6 майдаги «Ўзбекистон Республикасида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйиш орқали уларнинг аҳоли саломатлиги ва мамлакатимиз генофондига салбий таъсирини бартараф этиш стратегик чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикасида гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш бўйича 2024–2028 йилларга мўлжалланган Миллий стратегия» ва соҳадаги ҳуқуқий ислоҳотлар бу борада муҳим қадам бўлди. Лекин ҳар қандай қонун фақат қоғозда қолиб кетмаслиги учун уни ҳаётга татбиқ этадиган ижтимоий муҳит ҳам бўлиши керак.
Ана шу нуқтада таълим тизими биринчи сафга чиқади. Мактаб ва олий таълим муассасалари миллионлаб ёшлар билан ҳар куни мулоқот қиладиган ягона тизим ҳисобланади. Шунинг учун профилактиканинг энг самарали майдони ҳам айнан таълим соҳасидир.
Бироқ бу ерда муҳим савол туғилади: ёшларга гиёҳвандлик ҳақида қандай гапириш керак?
Кўп йиллар давомида қўлланилган “бу мумкин эмас”, “бундай қилма” қабилидаги қуруқ тақиқлар кутилган натижани бермаган. Психологлар фикрича, айниқса ўсмир ёшидаги болалар тақиқланган нарсаларга нисбатан кўпроқ қизиқиш билдириши мумкин.
Шунинг учун замонавий профилактика тақиқлаш эмас, тушунтириш ва ҳаётий кўникмаларни шакллантиришга асосланиши зарур. Ёшларга мустақил қарор қабул қилиш, босимларга қарши тура олиш, танқидий фикрлаш ва рақамли хавфсизлик қоидаларини ўргатиш бугун ҳар қачонгидан муҳим.
“Рақамли иммунитет”ни шакллантириш вақти келди
Бу борада айниқса, рақамли саводхонлик масаласи алоҳида аҳамият касб этмоқда. Чунки бугунги ёш интернетдаги ҳар қандай маълумотни ҳақиқат сифатида қабул қилиши мумкин. Гиёҳвандликни тарғиб қилувчи контент эса кўпинча замонавий ҳаёт тарзи, эркинлик ёки “омадли ҳаёт” кўринишида тақдим этилади.
Аслида эса ҳар бир наркотик модда ортида инсон саломатлиги, келажаги ва тақдирига таҳдид яширинган.
Таълим муассасаларида “рақамли иммунитет”ни шакллантириш вақти келди. Бу ёшларни интернетдаги манипуляциялардан ҳимоя қилиш, хавфли ахборотни таниб олиш ва унга қарши онгли муносабатни шакллантириш демакдир.
Фуқаролик жамияти институтлари ҳам иштирокчи
Давлат ва таълим тизимининг саъй-ҳаракатлари ҳам етарли бўлмаслиги мумкин. Чунки ёшларнинг ҳаёти мактаб ёки олийгоҳ билан чекланмайди. У оилада, маҳаллада, дўстлар даврасида ва жамоатчилик муҳитида шаклланади.
Шу сабабли фуқаролик жамияти институтлари ҳам гиёҳвандликка қарши курашнинг муҳим иштирокчиси ҳисобланади.
Ўзбекистоннинг энг катта устунликларидан бири маҳалла институтидир. Маҳалла фақат қуйи бошқарув тизими эмас, балки ижтимоий назорат ва ўзаро ёрдам муҳити ҳамдир. Кўп ҳолларда оиладаги муаммоларни давлат идораларидан олдин маҳалла фаоллари сезиши мумкин.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳам профилактика ишларида муҳим ўрин тутади. Улар аҳоли билан яқин ишлайди, янги ёндашувларни синаб кўради ва жамоатчилик ишончини қозона олади.
Бугунги кунда айнан ишонч энг муҳим ресурсга айланмоқда. Ёшлар расмий чақириқлардан кўра ўз тенгдошларининг фикрига кўпроқ қулоқ тутишади. Шунинг учун ижтимоий тармоқларда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилувчи ёш блогерлар, талабалар ва фаолларни қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамиятга эга.
Халқаро тажриба ҳам шуни кўрсатадики, гиёҳвандликка қарши энг самарали кураш фақат ҳуқуқий чоралар билан эмас, балки жамиятнинг барча қатламларини жалб қилиш орқали амалга оширилади.
Жанубий Корея тажрибасида қатъий назорат таълим ва профилактика билан уйғунлаштирилган. Германияда эса асосий эътибор инсонни жазолаш эмас, балки уни даволаш ва жамиятга қайтаришга қаратилган. АҚШ тажрибаси эса ёшлар билан доимий ишлаш ва оммавий ахборот воситаларининг аҳамиятини кўрсатади.
Бу тажрибалардан чиқадиган энг муҳим хулоса битта: гиёҳвандликка қарши курашни фақат бир ташкилот ёки бир соҳанинг зиммасига юклаб бўлмайди. Бугун фарзандларимизга таҳдид солаётган хавфлар ҳамкорликни талаб қилмоқда.
Уч устун
Давлат қонун билан ҳимоя қилиши керак. Таълим тизими билим ва онгни шакллантириши зарур. Фуқаролик жамияти эса ишончли ижтимоий муҳитни яратиши лозим. Ана шу уч устун биргаликда ҳаракат қилгандагина гиёҳвандликка қарши барқарор иммунитетни шакллантириш мумкин бўлади.
Энг муҳими, биз муаммони кеч бўлмасдан англашимиз зарур. Чунки ҳар бир сақлаб қолинган ёш тақдир, бу фақат бир инсоннинг эмас, балки бутун мамлакат келажагининг сақлаб қолинишидир.
Гиёҳвандликка қарши кураш ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининггина вазифаси эмас. Бу ҳар бир ота-она, ҳар бир ўқитувчи, ҳар бир маҳалла фаоли ва ҳар бир фуқаронинг масъулиятидир. Келажак учун кураш эса айнан шу масъулиятдан бошланади.
Нурилло Тўхтасинов,
Тошкент давлат юридик университети
«Давлат бошқаруви» кафедраси катта ўқитувчиси


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter