Республика бўйича 60 та мактабда педагогик синфлар ташкил этилади

Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг «Умумий ўрта таълим муассасаларида педагогик синфларни ташкил этиш тўғрисида»ги буйруғи билан республика бўйича жами 60 та мактабда 2025-2026 ўқув йилидан бошлаб педагог касбига қизиққан 10-11-синф ўқувчилари учун педагогик синфлар ташкил этилади.
Шунингдек, ушбу буйруқ билан қуйидагилар тасдиқланган:
- Ўзбек тилида таълим бериладиган мактаблардаги синфлар учун таянч ўқув режа, ўқув режага тушунтириш хати;
- Рус тилида таълим бериладиган мактаблардаги синфлар учун таянч ўқув режа, ўқув режага тушунтириш хати;
- Таълим қардош (қозоқ, қирғиз, тожик ва туркман) тилларда таълим бериладиган мактаблардаги синфлар учун таянч ўқув режа, ўқув режага тушунтириш хати;
- Таълим қардош (қозоқ, қирғиз, тожик ва туркман) тилларда таълим бериладиган мактаблардаги синфлар учун иккинчи намунадаги ўқув режа иккинчи намунадаги ўқув режага тушунтириш хати.
Педагогика олий таълим ташкилотлари педагогик синфлар ташкил этилган мактабларда дарс машғулотларини олиб бориш учун 2 нафардан профессор-ўқитувчилар бириктириш чоралари кўради.
Педагогик синфларни тамомлаган битирувчиларга Ўзбекистон Республикаси Миллий малакалар рамкасининг 2-даражасидаги мактабгача таълим ташкилотларида тарбиячи ёрдамчиси касби бўйича ишлаш ҳуқуқини берувчи давлат намунасидаги сертификат берилади.
Эслатиб ўтамиз, бир муддат аввал 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ҳамда ҳар бир вилоятда биттадан умумий ўрта таълим муассасаларида 10-11-синф ўқувчиларини педагог касбига тизимли тайёрлаш учун педагогик синфлар тажриба-синов тариқасида ташкил этилиши ҳақида хабар қилинган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter