Россия ва АҚШ жиддий тўқнашувга киришига бир бахя қолди
Сўнгги вақтларда Россия ва АҚШ муносабатлари ўта совуқлашгани маълум. Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков икки давлат ўртасида кескинликнинг янги тўлқинини бартараф этилганини маълум қилди.
Дипломатга кўра, Россия ва АҚШ мудофаа вазирлиги Андрей Белоусов ва Ллойд Остин ўртасидаги телефон мулоқоти сабаб жиддий тарангликнинг олди олинган.
«Айтишим мумкинки, Россия томонидан юборилган ишора айрим аломатларга кўра Вашингтонга қадар етиб борди», – деган Сергей Рябков.
Россия ТИВ ўринбосари икки давлат мудофаа идораси раҳбарлари айнан қайси мавзуда, қачон гаплашгани ва жиддий таранглик айнан қайси жабҳага алоқадор эканига ойдинлик киритмаган.
Л.Остин ва А.Белоусов жорий йил июнь ойида АҚШ томони ташаббуси билан телефон орқали суҳбатлашган эди. Иккинчи марта мудофаа вазирлари 12 июль куни Москва ташаббуси билан телефон орқали мулоқот қилган. «The New York Times» хабарига кўра, ўша сўзлашувда Россия вазири АҚШлик ҳамкасбига Украина Россияга қарши махфий амалиёт ҳозирлаётгани ва уни Вашингтон маъқуллаганидан ёзғирган. Л.Остин бунга жавобан «фитна»дан бехабарлигини айтган. Суҳбатдан кейин АҚШ мудофаа вазири Киев расмийлари билан гаплашиб, Россияга қарши амалиётни тўхтатгани хабар қилинган.
Москва ва Вашингтон алоқалари 2022 йил февраль ойида бошланган Украина босқинидан кейин совуқлашиб кетди. АҚШ президенти Жо Байден россиялик ҳамкасби Путин билан сўнгги марта 2021 йилнинг июнь ойида учрашган, ўшандан бери олий даражадаги учрашувлар ташкил этилмаган.
АҚШнинг Европа бўйлаб, хусусан, Германияга узоқ масофага учувчи ракеталарни жойлаштириш қарори ҳам икки давлат ўртасидаги таранглик янада кучайтирди.
Таҳлилчилар Германияда «совуқ уруш» давридан буён илк бор Россия ҳудудидаги нишонларга қадар етиб борувчи ракеталар жойлаштирилаётганини таъкидлаган.
«Коммерсантъ» газетаси Германияда жойлаштирилган АҚШ ракеталарининг эҳтимолий парвоз масофаси ва нишонлари чизмасини ишлаб чиқди. Унга кўра, SM-6 русумли ракеталар 740 км масофага учиши мумкин. 1800 км га қадар парвоз қилувчи Tomahawk қанотли ракеталари Москва ва Санкт-Петербург каби йирик шаҳарларга етиб боради. Товушдан тез учувчи ракеталар (LRHW Dark Eagle) эса 2775 км гача парвоз қилиб, Мурманскдан то Волгоградга қадар бўлган ҳудудлардаги нишонларга йўқ қилиш қувватига эга.
Қарийб 50 йиллик танаффусдан кейин Қўшма Штатлар ракеталарининг Россияга яқин ҳудудда пайдо бўлаётгани Москвада хавотир билан қаршиланди. Хусусан, Путин воқеалар бу тахлит ривожланса, мамлакат биринчи навбатда ўрта ва кичик масофага учувчи ракеталарни ривожлантиришга доир мораторийдан воз кечишига шама қилган. Кремлга кўра, Россия АҚШ ва унинг Европадаги «малай»лари ҳаракатига ҳамоҳанг равишда бошқа жавоб чоралари ҳам кўради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter