Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Россияда журналист аёл ўзига ўт қўйиб ҳалок бўлди

Россияда журналист аёл ўзига ўт қўйиб ҳалок бўлди

Фото: «Facebook»

Россиянинг Нижний Новгород шаҳрида маҳаллий «Коза Пресс» интернет-нашри бош муҳаррири Ирина Славина ИИВнинг шаҳар бошқармаси биноси олдида ўзига ўт қўйиб ҳалок бўлди. Бу ҳақда Baza телеграм-канали хабар берган.

Ўзига ўт қўйишдан олдин Славина «Facebook»да пост қолдирган: «Ўлимимда Россия Федерациясини айблашни сўрайман».

Фожиа арафасида уйига орган ходимлари келиб тинтув ўтказгани ҳақида журналист аёл ижтимоий тармоқда батафсил ёзиб қолдирган.

«Бугун соат 06:00 да хонадонимга келишди, жами 12 киши: тергов, тезкор отряд ходимлари, полициячилар, холислар. Эшикни эрим очди. Бегона аёл кўз ўнгида кийинишга мажбур бўлдим. Тинтув қилишди. Адвокатга қўнғироқ қилишга рухсат беришмади. Варақалар, «Очиқ Россия» ҳисобрақамларини, эҳтимол Михаил Ходорковский акс эттирилган иконани... қидиришди. Менда бунақа нарсалар йўқ», — деган мазмунида ёзиб қолдирган Славина.

Аввалроқ «The Insider»га интевьюсида Славина терговчилар Нижний Новгороддаги 4 миллиард рублга қурилаётган «Швейцария» боғи масаласидаги намойишларни «Очиқ Россия» молиялаштираётганини гумон қилишаётганини айтганди.

«Журналистман, индамай ўтиролмадим, ёздим. Намойишгаям чиқдим, бўлаётган воқеалар фуқаро сифатида менгаям дахлдор.  Ахир 4 млрд. рублни талон-торож қилишяпти, ғазабни келтиради», — деганди Славина.

Журналист аёл «Очиқ Россия»га ҳеч қандай алоқаси йўқлигини билдирганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг