Россияда тарқалаётган Гонконг гриппи: аломатлари, хавфи ва ундан ҳимояланиш
Россияда грипп ва ўткир респиратор вирусли касалликлар билан касалланиш кўпаймоқда. Бугунги кунда Россия бўйлаб тахминан ҳар юз кишидан бири грипп билан оғримоқда. Айрим ҳудудларда бир ҳафта ичида беморлар сони икки бараварга етган.
Шифокорлар эпидемиянинг энг юқори нуқтаси ҳали олдинда эканини айтмоқда.
Мутахассислар жорий мавсумда асосий штамм сифатида гонконг гриппи — A (H3N2) устун келаётганини маълум қилди. Бу вирус тез ривожланиши ва оғир асоратларга олиб келиши билан хавфли ҳисобланади. Айниқса, ҳомиладор аёллар, болалар, қариялар ва сурункали касалликлари бор инсонлар хавф гуруҳига киради.
Гонконг гриппи — бу ўткир вирусли касаллик бўлиб, асосан нафас йўлларини зарарлайди. У юқори ҳарорат, кучли заҳарланиш (интоксикация), мушак ва бош оғриқлари билан кечади. Айрим ҳолларда кўнгил айниши ва ҳазм бузилиши ҳам кузатилади.
Бу штамм илк бор 1968 йилда Гонконгда аниқланган ва ўша пайтда жаҳон бўйлаб миллионлаб инсонлар ҳаётига зомин бўлган. Ҳозирги кунда вирус мутацияга учраб, мавсумий грипп сифатида айланиб юрибди, лекин шифокорлар таъкидлашича, ҳозирги леталлик даражаси (беморлар орасида ўлим ҳолатлари) 1 фоиздан ошмайди.
Касаллик жуда тез ривожланиши билан ажралиб туради. У катталарда бир неча соат ичида, болаларда эса 15–30 дақиқа ичида ривожланиши мумкин.
Асосий белгилари:
- тана ҳарорати 38–41 даражагача кўтарилиши;
- кучли қалтироқ ва ҳолсизлик;
- бутун тананинг қаттиқ оғриши;
- кучли бош оғриғи;
- қуруқ ва узоқ давом этувчи йўтал;
- томоқ оғриғи, бурун оқиши;
- айрим ҳолларда қусиш ва ич кетиши.
Шифокорлар одам кўп жойларда тиббий ниқоб тақиб юриш, қўлни тез-тез ювиш, хоналарни шамоллатиб туриш ҳамда касаллик аломатлари пайдо бўлса, дарҳол шифокорга мурожаат қилишни тавсия қилмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter