Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Россияда мансабдор деразадан қулаб ҳалок бўлди

Россияда мансабдор деразадан қулаб ҳалок бўлди

Фото: Haqqin.az

Россиянинг «Транснефть» компанияси вице-президенти Андрей Бадалов бугун эрталаб Москванинг Рублёв кўчасида жойлашган квартираси деразасидан пастга қулаб ҳалок бўлди. Бу ҳақда Россия ОАВлари ёзмоқда.

2022 йил бошидан буён Россияда нефт-газ компаниялари юқори мансабли амалдорлари ўртасида ўз жонига қасд қилишлар ва сирли ўлимлар кўпайди.

«Лукойл»нинг тўрт топ-менежери вафот этган:

Александр Субботин (2022 йил май ойи) — собиқ вице-президент. Уйининг ертўласида ўлиги топилган. Расмий сабаб — ўткир юрак етишмовчилиги.

Равиль Маганов (2022 йил 1 сентябр) — «Лукойл» директорлар кенгашининг 67 ёшли раиси. Москвадаги клиник шифохона 6-қаватидан тушиб кетган. Расмий сабаб — «оғир касалликдан кейинги ўлим».

Владимир Некрасов (2023 йил 24 октябр) — «Лукойл» директорлар кенгашининг 66 ёшли раиси, Магановнинг ўрнига қўйилган. Ўз уйида ўткир юрак етишмовчилигидан вафот этган.

Виталий Робертус (2024 йил 13 март) — компаниянинг 54 ёшли вице-президенти. Москва шаҳрида, ўз кабинетида осилган ҳолатда топилган. Ўлимидан олдин бош оғриқларидан шикоят қилиб келган.

«Газпром» ва боғлиқ тузилмаларнинг вафот этган мансабдорлари:

Леонид Шульман (2022 йил 30 январ) — 60 ёш, «Газпром инвест» транспорт хизмати раҳбари. Ленинград областидаги ўз коттежида ваннада ўлик ҳолда топилган. Ўлими олдидан қолдирган хатида синган оёғидаги оғриқлар ҳақида гап боради.

Александр Тюляков (2022 йил 25 феврал) — 61 ёш, компания ягона ҳисоб-китоб маркази бош директорининг ўринбосари. Ленинский посёлкасидаги гаражда осилган ҳолда топилган. Аввалроқ уни кучли дўппосланган ҳолда кўришган.

Владислав Аваев (2022 йил 18 апрел) — 51 ёш, «Газпромбанк» собиқ вице-президенти. Москвадаги квартирасида хотини ва қизи билан биргаликда ўлик ҳолда топилган. Тергов талқинига кўра, оиласини аввал ўлдириб, сўнг ўз жонига қасд қилган.

Юрий Воронов (2022 йил 5 июл) — 61 ёш, «Астра Шиппинг» транспорт компаниясии («Газпром» пудратчиси) бош директори. Коттеж посёлкасидаги бассейнда ўлик ҳолда топилган, бошида ўт очар қуролдан қолган жароҳат изи бор.

Николай Петрунин (2022 йил 12 октябр) — газ соҳаси собиқ топ-менежери, депутат. Оғир хасталикдан вафот этган, бунгача COVID-19 билан оғриган.

Шунингдек, бошқа энергетика компанияларида юқори лавозимларда ишлаган Сергей Протосеня, Игорь Шкурко, Вячеслав Ровнейко,  Михаил Рогачёв кабилар шу даврда вафот этган бўлиб, кўпларининг ўлими жумбоқлигича қолмоқда.

Ғарб матбуоти бу ҳолатларни «фавқулодда рус ўлими синдроми», деб аташни бошлади. Ҳалок бўлганларнинг аксарияти Россиянинг йирик энергетика компаниялари молиявий тузилмалари билан алоқадор одамлар бўлган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг