Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Рус аскарини ўлдирган балиқ, олтинли сув ва кумуш эритмаси. Нуротанинг яна қандай сирлари бор?

Рус аскарини ўлдирган балиқ, олтинли сув ва кумуш эритмаси. Нуротанинг яна қандай сирлари бор?

Фото: Аwaytravel.ru

Нурота чашмасининг суви минглаб километр ерости йўлакларидан сониясига 290 литр миқдорида оқиб чиқади. Чашма суви қишин-ёзин бир хил — 19,5 даража илиқ бўлади. Минг йиллар давомида оқиб турган чашманинг музлаши ҳеч кузатилмаган, у минераллашган юмшоқ ичимлик сувидир.

Мазкур сувнинг таркибида олтин моддаси бор, у ошқозон-ичак хасталикларига даво. Сувдаги йод моддаси буқоқ касаллигига, ноёб бром моддаси эса асаб касалликларига шифо эканлиги қадимдан маълум. Унинг таркибидаги кумуш эритмаси эса сув таркиби яхши сақланишини таъминлайди.

Нурота чашмасининг балиқлари тоғ дарёларида учрайди, фан тилида сутбалиқ, яъни дарё маринкаси деб аталади. Балиқлар ўртача 17 йил яшаб, умри давомида чашма суви чиқадиган ариқчаларни қумлардан тозалайди, сувнинг мўътадил келишини таъминлаб, ҳатто уни фильтрлаб беради.

Улар ҳеч қандай ташқи озуқасиз, сув таркибидаги микрорганизмлар ва минераллардан озиқланиб яшайверади. Шу боис ўтмишда баъзилар уларни «авлиёбалиқ» деб ҳам аташган.

Маҳаллий аҳолининг таъкидлашича, ўтган аср бошларида рус аскарларининг ўлимига ҳам айнан шу балиқ истеъмоли сабаб бўлган. Огоҳлантиришга қарамай, улар «авлиёбалиқ»дан овлаб ейишган ва шу заҳоти вафот этишган.

Ростан ҳам бу балиқларни истеъмол қилиб бўлмайди, чунки уларнинг ичида қора пардаси бўлиб, увилдириғи заҳарли, уни тозаламасдан истеъмол қилган одамнинг терисида доғлар пайдо бўлади, кўпроқ истеъмол қилса, ўлимга олиб келади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг