«Салимбойвачча» Қирғизистонда қидирувга берилди
Жорий йилнинг мартида Жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани судида Жиноят кодексининг 248-моддаси (Ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи) 2-банди билан айбдор деб топилиб, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган жиноий авторитет, «Салимбойвачча» номи билан танилган Салим Абдувалиевга нисбатан Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси халқаро қидирув эълон қилди.
Унинг қирғизистонлик қонундаги ўғри Камчи Колбаевнинг уюшган жиноий гуруҳи фаолиятини молиялаштириш фактлари аниқланган. Қирғизистон МХДҚнинг иддао қилишича, Колбаевнинг уюшган жиноий гуруҳи ўзбекистонлик криминал авторитет Салим Абдувалиевнинг «Биродарлар доираси» халқаро жиноий гуруҳи таркибига киради.
Терговчиларнинг фикрича, Абдувалиев гиёҳвандлик воситаларини Европа давлатларига олиб ўтиш бўйича ноқонуний каналлар ташкил этилганлиги сабабли МДҲ давлатларида бевосита таъсирга эга бўлган. Шунингдек, Колбаев билан алоқа ўрнатган ва тизимли равишда моддий ёрдам кўрсатган, унинг минтақадаги нуфузли криминал авторитетлар қаторида Қирғизистон, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатлари жиноят оламининг етакчисига айланишига ёрдам берган ва ҳисса қўшган.
«Колбаев ва Абдувалиев ўртасида яқин муносабатлар бўлган. Бунга Колбаевнинг Абдувалиев томонидан Ўзбекистондаги байрам ва бошқа тадбирларга бир неча бор таклиф қилингани гувоҳлик беради», — дейилади хабарда.
Бишкекнинг Октябр туман суди Абдувалиевни сиртдан ҳибсга олиб, қидирувга берган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter