Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дониёр Рўзметов

Ўқиганим ва билганим сари ўқимаганим ва билмаганим қанчалар кўп эканлигини тушуниб хижолат тортамен!

Саломат бўлинг, сиз гўзалсиз!

Саломат бўлинг, сиз гўзалсиз!

Фото: otempo.com.br

2006 йилнинг 2 август куни уругвайлик 22 ёшли модель қиз Луисел Рамос «Модалар намойиши»да чиқиш қилгач, ўзини ёмон ҳис қилади ва кечқурун шифохонада жон беради. Унга юрак хуружи ташхисини қўядилар. Юрак хуружининг сабаби эса асабий анорексия касали бўлган. У вафот этганида унинг бўйи 175 сантиметр, вазни 44 килограм бўлган. Тана вазнининг индекси (ТВИ): 14,5.

Шу йили 25 октябрь куни бразилиялик 18 ёшли модель қиз Ана Каролина Рестон шифохонага олиб келинади. У ноябрь ойида буйраги ишламай қолиб вафот этади. Буйраги ишламай қолишига асабий анорексия касаллигини сабаб қилиб кўрсатадилар. У вафот этганида бўйи 174 сантиметр, вазни 40 килограм бўлган. ТВИ: 13,4.

2007 йилнинг 13 февраль куни августда вафот этган Луисел Рамоснинг модель синглиси Элиана Рамос 18 ёшида худди опаси каби асабий анорексия оқибатида юз берган юрак хуружи натижасида вафот этади. Унинг ҳам бўйи опасиники каби 175 сантиметр бўлган ва у ҳам аянчли ТВИ кўрсаткичи билан ўлган.

Бу учта мисол дунёдаги минглаб мисоллар орасидан танлаб олинган.

Маълумот учун — асабий анорексия касаллиги овқат емасдан ва бошқа усуллар ёрдамида озишга ҳаракат қилиш туфайли келиб чиқадиган руҳий касалликдир. Агар ўзингиз ёки танишларингизнинг орасида берилиб озишга ҳаракат қилаётган, чиройли бўлиш учун овқат емасдан тинкаси қуригунча оч юрган инсонлар бўлса, уларни хавфдан огоҳлантиришингизни сўрайман...

Дунёда бир миллиардга яқин инсон очликдан азият чекса, семириб кетган ва вазни меъёридан ортиқ инсонлар сони икки миллиарддан кўп. Бу дунёдаги ҳар уч кишидан бирида ортиқча вазн муаммоси бор дегани.

Семизларга одатда бошқача қарашади. Масалан, мактабда семиз болаларни кўпинча ўртоқлари масхара қилишади. Ғарбдаги статистик маълумотларга кўра 20 ёшли семизларнинг 30-40 ёшгача бўйдоқ бўлиб қолиш хавфи «меъёрдаги» инсонларга нисбатан икки баробар кўпроқ бўларкан. Ишга киришдаги суҳбатларда семизларнинг ишга олиниш имконияти анча кам бўлар экан. Ҳатто айрим авиакомпаниялар оғир вазнли йўловчиларни иккита чипта сотиб олишга мажбурлайдилар...

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тана вазни индекси(ТВИ)ни қуйидагича белгилаб чиққан:

  • 16,5 дан паст: анорексия ёки тананинг озуқасиз қолиши;
  • 16,5-18,5: озғинлик;
  • 18,5-25: тананинг меъёрдаги вазни;
  • 25-30: ортиқча вазн;
  • 30-35: семизликнинг бошланғич босқичи;
  • 35-40: жиддий тус олган семизлик;
  • 40 дан баланд: касаллик даражасидаги ёки ўта кучли семизлик.

Индекс қандай ҳисобланади? Бу жуда осон. Уни математикадан хабари бўлган ҳар бир инсон ҳисоблай олади. Хуллас, индекснинг формуласи қуйидагича:

ТВИ = вазн/бўйнинг квадрати.

Мисол учун: сизнинг вазнингиз 80 кг ва бўйингиз 1,75 м. Дастлаб 1,75 нинг квадратини чиқариб оласиз: 1,75 х 1,75 = 3,0625. Кейин 80 ни ўша натижага бўласиз: 80 / 3,0625=26,12. Демак, сизнинг ТВИнгиз — 26,12, яъни сизда ортиқча вазн бор...

Дунёда қоматнинг мукаммал кўриниши йўқ ва гўзаллик нисбий тушунчадир. Бир замонлар озғинлик «касаллик» ва «камбағаллик»ни, семизлик эса «соғломлик» ва «бойлик»ни билдирган бўлса, яна қайсидир даврларда семиз инсонларни касалманд, дангаса ва ноинсоф, озғинларни ҳалол, меҳнаткаш, соғлом деб тасвирлаганлар.

Асрлар давомида санъат ва адабиёт қоматнинг ва гўзалликнинг ижтимоий бирлик сифатида шаклланишига ўз ҳиссасини қўшган. Бир томондан Алпомиш ва Фарҳодлар баланд бўйли, мускуллари бўртиб чиққан, алпқомат қилиб, бошқа томондан аёл ва қизлар чумолидай хипчабел, оқбадан, сув ичса томоғидан кўринадиган, юзларидан нур ёғилиб турадиган қилиб тасвирланган.

Ғарбда ҳайкалтарош ва рассомлар эркак ва аёлларнинг жинсий фарқларини бўрттириб кўрсатишга ҳаракат қилганлар. Бунинг натижасида жамиятда барча инсонлар «идеал эркак» ва «идеал аёл» қиёфасига ўхшашга ҳаракат қила бошлаган. Бўйи пастлар ўзларини бўйдор, семизлар ўзларини озғин, озғинлар эса семизроқ қилиб кўрсатишга, нимжонлар спорт билан шуғулланиб мускулларини чиқаришга, юзлари текис бўлмаган аёллар юзларига атир-упа суриб «камчиликларини тўғрилашга» ҳаракат қилган.

Тасвирий ва коммуникацион технологияларнинг ривожи сабабли сўнгги йилларда мода ва гўзаллик компаниялари инсонларнинг онгини бошқаришни касб қилиб олдилар. Эндиликда қандай қомат гўзал ва қандай қомат хунук деб ҳисобланишини улар белгилайди. Бунинг номини баъзан умумий қилиб «оммавий маданият» ҳам дейдилар.

Юзларига килолаб атир-упа сураётган, кўкракларини, думбаларини пластик жарроҳлик ёрдамида катталаштираётган аёллар, ҳар хил «дори-дармон»ларни ичиб олиб, спорт залларида соатлаб ишлаб, мускулларини шишираётган, ёнидан аёллар ўтиб кетаётганда қорнини ичига тортиб, ўзини озғин қилиб кўрсатишга интилаётган эркаклар мана шу оммавий маданиятнинг бевосита қурбонлари ҳисобланади. Бу нарсаларни улар ўзлари учун эмас, ўзгаларга яхши кўриниш учун қиладилар. Аслида бундан уларга умуман фойда йўқ, аксинча, бу билан ўзларининг соғлиғига зарар қиладилар холос.

Бунга мисол қилиб кўпчиликка таниш бўлган бир ҳолатни эслатиб ўтишим мумкин. 1970 — 1980-йилларда собиқ Совет иттифоқида тилла ва кумуш тиш қўйдириш урфга кирган ва бунинг натижасида миллионлаб инсонлар соппа-соғ тишларини олдириб ташлаб, уларнинг ўрнига тилла ва кумуш тиш қўйдирган. Мана энди замонлар ўзгариб, «тилла тишлар»нинг даври ўтиб кетди ва ўша инсонлар оқ тишли инсонларнинг орасида камсонли «тилла тишли ўзга сайёралик»дай бўлиб қолди. Уларнинг айримлари чаққонлик қилиб, тезда тилла тишларини олдириб ташлаб, ўрнига оқ керамика тишларни қўйдириб олишди. Лекин ҳеч бирининг олдириб ташлаган соғлом тиши энди қайтиб келмайди...

Қомат ва тана гўзаллиги деган тушунчалар нисбий бўлиб, улар ҳеч қачон турғун бўлмайди. Дунёда 7 миллиарддан ортиқ инсон бўлса, демак, шунча гўзаллик мавжуд. Ҳар ким ўз қомати, ўзининг вазни ва бўйи, ўзининг морфологик ўзига хосликлари билан гўзалдир. Бу бизнинг дунёга ва инсонларга қандай кўз билан қарашимизга боғлиқ. Шунинг учун санъат, адабиёт, жамият яратган «идеаллар»га ўхшашга ҳаракат қилиш ва ўзининг хусусиятларига тўғри келмайдиган қолипларга тушиб олишга интилиш аҳмоқликдан бошқа нарса эмас.

Инсоннинг биринчи мақсади гўзаллик эмас, балки тана ва руҳининг саломатлиги бўлиши керак. Бунинг учун тўғри ва меъёрида овқатланиш, мунтазам жисмоний ҳаракатда бўлиш, этика ва эстетика қоидаларига амал қилиш кифоя.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг