Самарқандда «Яшил шаҳар» ҳаракат-режасини ишлаб чиқишга қаратилган тренинг ўтказилди

Самарқандда Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки томонидан «Яшил шаҳарларни ривожлантириш методологияси» мавзусида ўқув семинари ташкил этилди.
Семинарда Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг биринчи ўринбосари Обиджон Қудратов, Қорақалпоғистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги масъуллари, вилоятлар, Нукус ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг капитал қурилиш ва экология масалалари бўйича ўринбосарлари, ОАВ ходимлари иштирок этди.
«Мамлакатимизда экологик хавфсизликни таъминлаш, экологик вазиятни яхшилаш, чиқиндиларнинг инсон саломатлигига зарарли таъсирининг олдини олиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, санитария-гигиена сифатини яхшилаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, — деди семинарда нутқ сўзлаган Обиджон Қудратов. — Ишончим комилки, ўқув семинарга таклиф этилган мутахассислар билан ўртоқлашадиган билим, услуб ва тажриба мамлакатимиз ҳудудлари ва шаҳарларини барқарор ривожлантириш учун кўп томонлама фойдали бўлади».
Маълумот учун, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан илгари сурилган экологик бош режаларни ишлаб чиқиш ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 31 майдаги ПФ-81-сон қарорида ўз ифодасини топган. Унга кўра, барча ҳокимликларга 2024 йил 1 июнгача 2030 йилгача бўлган экологик бош режани ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш учун тақдим этиш топшиғи берилган. Ушбу ташаббус экологик вазиятни яхшилаш, иқлим ўзгариши оқибатларига қарши курашиш, барқарор шаҳарлар ва аҳоли пунктларини ривожлантиришга хизмат қилади.
Ўқув семинари давомида шаҳарнинг экологик вазиятини баҳолаш ва зарур ечимларни ишлаб чиқишда мавжуд муаммолар ва имкониятларни аниқлаш, бу борада ақлли технологияларни қўллаш, экологик ечимлар, яшаш муҳитини яхшилаш, тегишли ресурсларни тўғри тақсимлаш ва бошқа муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Тренинг якунида иштирокчилар томонидан дарахт кўчатлари ўтқазилди.
Ўқув машғулотидан асосий мақсад маҳаллий ҳокимликлар, давлат органлари ва коммунал хизматларни шаҳар экотизимларини яхшилаш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича амалий кўникмалар ва усуллар билан таъминлашдан иборат. Шунингдек, вилоят, шаҳар ва туманларнинг экологик бош режаларини ишлаб чиқиш учун зарур бўлган маҳаллий ҳокимликлар, давлат органлари ва коммунал хизматлар салоҳиятини ошириш мақсад қилинган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter