Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сардор Умурзоқов «Толибон» делегацияси билан учрашди

Сардор Умурзоқов «Толибон» делегацияси билан учрашди

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов 4 июль куни Афғонистон саноат ва савдо вазири вазифасини бажарувчи Нуриддин Азизий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Вазирлик хабарига кўра, учрашув чоғида инвестициялар, савдо, транспорт ва логистика соҳасидаги ўзбек-афғон ҳамкорлиги кун тартибидаги масалалар юзасидан фикр алмашилди. Юқоридаги йўналишларнинг ҳар бири бўйича қўшма ташаббусларни амалга оширишга оид навбатдаги тадбирлар келишиб олинди.

«Икки томонлама савдо айланмасини кўпайтириш ва икки мамлакат ҳудудлари орқали юк ташиш ҳажмини ошириш бўйича биргаликда таклифларни тайёрлашга келишилди. Шунингдек, ўзаро манфаатли шериклик салоҳиятини ўрганиш мақсадида ўзбек ва афғон ишбилармон доиралари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш бўйича биргаликда иш олиб боришнинг истиқболлари қайд этилди», — дейилади хабарда.

Мулоқот доирасида учрашув иштирокчилари Термиз—Мозори Шариф—Кобул—Пешовар транс-афғон темир йўлини қуриш лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирларини ҳам кўриб чиққан. Июль ойининг иккинчи ярмида темир йўл йўналиши бўйлаб дала тадқиқотлари ташкил этишнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинган.

Ўзбекистон томони афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатишни давом эттириш ва Афғонистон билан устувор йўналишларда ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини билдирган.

Учрашув якунида томонлар ўзбек-афғон муносабатларининг долзарб масалаларини муҳокама қилиш ва ҳал этиш бўйича доимий алоқаларни давом эттиришга келишиб олган.

Аввалроқ «Толибон» делегацияси Ўзбекистонга келаётгани хабар қилинганди.

Эслатиб ўтамиз, 25-26 июль кунлари Тошкент шаҳрида Афғонистон бўйича халқаро конференция бўлиб ўтади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг