Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сайловнинг энг муҳим тамойили – ошкоралик

Сайловнинг энг муҳим тамойили – ошкоралик

Ҳар қандай демократик-ҳуқуқий давлатнинг ажралмас белгиси бўлган сайловнинг энг муҳим тамойили – ошкоролик ва очиқликдир. Сайлов жараёнида сиёсий партиялар ва ўзини ўзи бошқариш институтлари вакилларининг кузатувчи сифатида иштирок этиши эса, сайловнинг қонуний ва шаффоф ўтказилиши шартларидан биридир.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнида катта ютуқларга эришилгани, сайлов қонунчилигида амалга оширилган қатор ислоҳотларнатижасида мазкур жараёнларнинг очиқ ва ошкора ўтказилиши таъминламоқда.

Хусусан, сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш борасидаги халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидаларига мувофиқ ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 7-боби ва “Сиёсий партиялар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчилар тўғрисидаги низоми”да кузатувчиларининг қуйидаги ҳуқуқлари ва мажбуриятлари белгиланган.

Масалан, кузатувчи:

  • сайловга қадар бўлган барча жараёнларда сайлов комиссияларининг мажлисларида қатнашади ва номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларида иштирок этади;
  • сайлов участкасида ўз вақтида ҳозир бўлади, яширин овоз бериш учун тайёрланган хоналарни, сайлов қутиларининг муҳрланишини, муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти, жойи ҳақида хабардор бўлади ва матбуот учун яратилган шароитларни кузатади;
  • овоз беришнинг ўз вақтида бошланишини, фуқароларга шахсини тасдиқловчи ҳужжат асосида биттадан сайлов бюллетенларининг берилишини, сайлов жараёни ва овоз беришнинг яширинлигини бузмасдан фото, видео, аудио ёзувларни амалга оширади;
  • овоз беришнинг шафоф боришини ва унинг ўз вақтида якунланишини кузатади;
  • овозларни санашда қатнашади ва сайлов натижалари тўғрисидаги ҳужжатларнинг тегишли сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган кўчирма нусхаларини сўраш ва олиш, кузатув олиб бориш ҳуқуқига эга.

Шу билан бир қаторда,кузатувчисайлов участкасида сайлов қонунчилиги талаблари бузилишига йўл қўйилган деб ҳисоблаш учун асослар бўлса, ўз кузатувлари тўғрисида ушбу участка сайлов комиссияси аъзоларига уларнинг ишига аралашмаган ҳолда маълум қилади.

Кузатувчига маълум тақиқлар ҳам мавжуд.

Жумладан, улар қаторига:

  • сайловчи сайлов бюллетенига ўз белгисини қўяётган пайтда овоз бериш кабинасида ёки хонасида бўлиш;
  • сайловчиларга таъсир ўтказиш;
  • бирон-бир ташвиқот материали ёки адабиётини тарқатиш;
  • сайловчилардан улар кимни ёқлаб овоз берганликларини суриштириш ёки сайловчиларга бюллетенга белги қўйишда бирон-бир тарзда ёрдам кўрсатиш;
  • участка сайлов комиссиясининг фаолиятига, шу жумладан сайлов қутилари муҳрланаётган, очилаётган, овозлар санаб чиқилаётганда аралашиш;
  • сайлов куни ва овоз бериш бошланишидан бир кун олдин жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов натижалари прогнозларини, ўтказилаётган сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни эълон қилиш кабилар киради.

Энг муҳими, кузатувчи ўз фаолиятида барча даражадаги сайлов комиссияларига, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ва бошқа ташкилотларга ташриф буюрганида унга берилган мандатни ҳамда ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни ёнида олиб юриши ҳамда ўз хулосаларини ҳаққоний материаллар билан асослаши шарт.

Юқорида қайд этилган шарт ва талаблар сайловнинг ошкоралиги ва қонунийлигини таъминлаши билан аҳамиятлидир.

Сайфиддин ЖЎРАЕВ
Сиёсатшунослик фанлари доктори
Тошкент давлат шарқшунослик Университети профессори

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг