Севги изҳори учун тарсаки еган талаба видеосига муносабат билдирилди

Ижтимоий тармоқларда талаба йигит омма олдида севги изҳор қилиши сабаб тарсаки егани ва жанжаллашиб кетгани акс этган видео тарқалди.
Видеодан кўринадики, тадбир вақтида талабалардан бири саҳнага чиқиб, томошабинлар орасида ўтирган қизга севги изҳор қилади.
Изҳор вақтида ўқитувчилар йигит қўлидаги микрофонни тортиб олишга уринишади. Улардан бири йигитга тарсаки туширади ва ўрталарида жанжал бошланади. Гувоҳлар уларни ажратиб, залдан олиб чиқиб кетишади.
Мазкур ҳодиса Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университетида содир бўлгани маълум бўлди. Университет матбуот хизмати ҳолатга изоҳ бераркан, бу томоша уюштирилган «шоу» эканини қайд этади.
«Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг Амалий филология факультети талабалари томонидан 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ташкил этилган байрам тадбирида севги изҳор қилиб, калтак еган талаба ҳолати акс этган видеолавҳалар бир нечта телеграм каналларида айланмоқда.
Шуни маълум қиламизки, ушбу ҳолат факультет ҚВЗ жамоасининг «Хафа бўлиш йўқ» кўрсатувига тақлидан намойиш этилган саҳна кўринишидан кесиб олинган ҳолатдир. Ҳеч қандай нохуш вазият юз бермаганини маълум қиламиз», – дейилади муносабатда.
Тармоқда тадбирдаги ҳолатнинг тўлиқ акс этган видео ҳам чиқди.
Унда юқоридаги ҳолат университет «Қувноқлар ва зукколар» жамоаси чиқишининг доирасида кечгани кўринади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter