Шавкат Мирзиёев Қирғизистон парламенти спикерини қабул қилди

Достонбек Жумабеков Президент Шавкат Мирзиёевга самимий қабул ва мазмунли суҳбат учун миннатдорлик билдирди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 21 декабр куни Ўзбекистонга расмий ташриф билан келган Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши спикери Достонбек Жумабековни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, Қирғизистон парламенти нуфузли делегациясининг мазкур ташрифи жорий йил Тошкент ва Бишкек шаҳарларида бўлиб ўтган олий даражадаги самарали учрашувларнинг мантиқий давоми эканини таъкидлади.
Учрашувда Ўзбекистон ва Қирғизистон парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Олий даражадаги ташрифлар чоғида эришилган келишувлар ва имзоланган битимлар, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши ўртасида имзоланган Меморандумнинг амалий ижроси доирасида қўшма тадбирлар ўтказилаётгани чуқур мамнуният билан қайд этилди.
Парламентлараро ҳамкорликнинг амалдаги механизмлари салоҳиятидан фойдаланган ҳолда, мунтазам ва тизимли алоқаларни кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши спикери Достонбек Жумабеков Президент Шавкат Мирзиёевга самимий қабул ва мазмунли суҳбат учун миннатдорлик билдирди.
Меҳмон Ўзбекистонда барча соҳалар, жумладан, парламент ва фуқаролик жамияти ўрнини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган таркибий ўзгариш ва ислоҳотларнинг янги босқичини юксак баҳолади.
Қирғизистон Ўзбекистон билан дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш йўлидаги ҳамкорликка тайёр экани таъкидланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter