Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ёшлар форумини доимий тарзда ўтказишни таклиф этди

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ёшлари форумига йиғилган йигит-қизлар билан мулоқот қилди. Тошкентдаги «Humo Arena» саройига келганлар ва ҳудудлардаги иштирокчилар ўз фикрларини, таклиф ва мулоҳазаларини баён этди.
Давлатимиз раҳбари барча долзарб ташаббусларни қўллаб-қувватлаб, улар бўйича мутасаддиларга шу ернинг ўзида кўрсатмалар берди.

-Форум давомида сизлар билан суҳбатлашган вазирлар менга саволларингни, фикрларингни айтиб берди. Давлат идоралари раҳбарлари ёшларнинг муаммоларини ота-она бўлиб, юрагидан ўтказиб, тизимли шуғулланмагани ҳақиқат. Энди ҳамма раҳбарлар ёшларнинг овозини эшитади, талабларини амалга оширади, - деди Шавкат Мирзиёев.
Президентимиз форум давомида билдирилган фикрлар ҳар томонлама таҳлил қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинишини таъкидлади.
– Мен сизларга бир сиримни айтаман: ҳудудларга борганда кўпроқ ёшлар билан учрашишга, улар билан гаплашишга ҳаракат қиламан. Чунки мен сизлардай кўзи ёнган, юраги ёнган ёшларни излайман. Сизлар шунга муносибсизлар, – деди Президент.
Форумда «Humo Arena» саройига келган 3 минг 300, шунингдек, ҳудудлардаги студияларда 26 минг нафардан зиёд ёшлар иштирок этди.



– Бугун тарихий учрашувимиз. Келинглар, бу доимий бўлиб қолсин. Халқимиз меҳр кўзда дегандек, бир-биримизга меҳримиз абадий бўлсин, – дея сўзини якунлади Шавкат Мирзиёев.
Форум иштирокчиларининг мамлакатимиз ёшларига мурожаати қабул қилинди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter