Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев Термиз шаҳри яқинидаги Султон Саодат мақбарасини зиёрат қилди

Шавкат Мирзиёев Термиз шаҳри яқинидаги Султон Саодат мақбарасини зиёрат қилди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Термиз шаҳри яқинидаги Султон Саодат мақбарасини зиёрат қилди. Қуръон тиловат этилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди. 

Фото: Президент матбуот хизмати

Ушбу қадамжо X-XVII асрларга мансуб мақбаралар мажмуасидир. Бу ерда пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг қизлари Фотима онамиз ва Ҳазрат Алининг бешинчи авлоди бўлган Саййид Ҳасан ал-Амир мангу қўним топган. Шу боис у аслида Султон Содот, яъни “Саййидлар султони” дея аталган. Кейинчалик мақбара атрофига унинг авлодлари ва бошқа саййидлар дафн этилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Олимлар фикрича, Ҳасан ал-Амир ўз яқинлари билан тахминан 865 йилда Термизга келиб, яшаб қолган. Шу тариқа бу ерда обрўли саййидлар сулоласи шаклланган. Ўрта асрлардаги давлатлар, хусусан, Амир Темур салтанати ривожида Термиз саййидларининг алоҳида ўрни бўлган. Соҳибқирон ва темурийлар пайғамбаримиз авлодларига ҳурмат кўрсатишни шараф деб билиб, бу ерда хонақоҳ ва мақбаралар қурдирган. Кейинги даҳмалар ўз даврининг услубига мос равишда барпо этилган. Шу жиҳатлари билан мажмуа улкан тарихий, маънавий, маданий аҳамиятга эгадир.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлатимиз раҳбари ушбу қадамжо улкан маънавий мерос, мусулмонлар учун табаррук маскан эканини қайд этиб, унинг тарихини мукаммал ўрганиш, халқимизга ва чет элликларга етказиш зарурлигини таъкидлади. Мажмуа ҳудудини археологик ўрганиш асосида уни ободонлаштириш, Имом Бухорий, Имом Термизий мақбараларидек катта ва гўзал зиёратгоҳга айлантириш бўйича кўрсатмалар берди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг