Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятида пахта теримини кўздан кечирди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 12 октябрь куни Тошкент вилоятининг Бўка туманига ташриф буюрди. «Валихон ота» фермер хўжалиги даласида бўлиб, пахта теримини кўздан кечирди.
Жорий йил июль ойида ўтказилган видеоселектор йиғилишларида давлат раҳбари ғўза ривожини жадаллаштириш, ҳосилга ҳосил қўшиш бўйича долзарб вазифаларни белгилаб берган эди. Шунга мувофиқ Тошкент вилоятида ҳам зарур агротехник тадбирлар амалга оширилди. Вилоятда қарийб 76 минг гектар, Бўка туманида салкам 13 минг гектар майдонда пахта етиштирилди. Айни кунларда пахта терими давом этмоқда.
Президент шу ерда вилоят фермерлари ва қишлоқ хўжалиги мутасаддилари билан суҳбатлашди.
Бу йилги об-ҳаво пахтачилик учун ноқулай келди. Сув кам, зараркунанда ҳашаротлар кўп бўлди. Пахта ривожи кечикди.
Шавкат Мирзиёев ҳамма соҳалар қатори қишлоқ хўжалигида ҳам асосий мақсад халқ манфаати эканини, қайси маҳсулот кўпроқ даромад келтирса, ўша экилишини таъкидлади.
— Манфаатдорлик бўлиши учун қилинган харажатни қоплаб, фойда кўриш керак. Эртанги куни бугунидан яхши бўлиши учун ҳар бир одам ўзи ҳаракат қилиши зарур. Ҳозирги замонда ким ютади — интилган ютади, меҳнат қилган ютади, — деди Шавкат Мирзиёев.
Бу йил пахта ҳосилини йиғиб-теришда нарх икки баробар оширилди. Жумладан, Тошкент вилоятида бир килограмм пахта териш учун минг сўмдан зиёд пул тўланмоқда.
Мулоқотда фермерларга ўз меҳнати самарасини кўриш вақти келгани, бунинг учун пахта теримини уюшқоқлик билан ташкил этиб, ҳосилни ёғинли кунларга қолдирмай йиғиб олиш зарурлиги таъкидланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter