Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шерзод Шерматов ёшлар учун хушхабарни эълон қилди

Шерзод Шерматов ёшлар учун хушхабарни эълон қилди

2022 йилнинг 24 январь куни Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов ҳамда EPAM Systems компанияси асосчиси, президенти ва директорлар кенгаши раиси Аркадий Добкин ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда, шунингдек, IT-Парк директори Фарҳод Ибрагимов, Беларус Республикасидаги EPAM Systems компанияси бош директори ўринбосари Андрей Шубадёров, EPAM Systems компаниясининг Ўзбекистондаги бош директори Ренат Ахтямов ва бошқалар иштирок этди.

Томонлар Ўзбекистонда малакали IT-кадрлар тайёрлаш ва истеъдодларни ривожлантириш, шунингдек, IT соҳасида янги иш ўринларини яратиш масалаларини муҳокама қилдилар.

Таъкидланишича, Аркадий Добкин Ўзбекистонда ёшларга сифатли таълим берадиган ва ахборот технологиялари соҳасида малакали мутахассислар тайёрлайдиган онлайн-университет очишни тез орада амалга оширишга киришиш истагини маълум қилди.

Шерзод Шерматов, ўз навбатида, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда IT-Парк ушбу университетни очиш бўйича EPAM Systems билан ҳамкорликни бошлашга ва лойиҳани муваффақиятли амалга ошириш учун ҳар томонлама кўмак беришга тайёр эканлигини таъкидлади.

Вазир Ўзбекистонда халқаро миқёсда тажрибага эга ишлаб чиқувчилар етишмаётганлигига тўхталиб ўтди. Шу сабабдан мавжуд вазиятни ўзгартириш ҳамда уларнинг сонини кўпайтириш мақсадида хорижий давлатлардан мутахассисларни мамлакатга жалб қилиш режалаштирилмоқда. Улар, ўз навбатида, 3-5 йил мобайнида маҳаллий ишлаб чиқувчиларни зарур кўникмалар билан таъминлаши ҳамда ўзаро тажриба алмашинилиши кўзда тутилган. Вазир, шунингдек, хорижий мутахассисларнинг Ўзбекистонда фаолият олиб бориши қулай бўлиши учун барча имкониятлар ишга солинишини алоҳида таъкидлади.

Хусусан, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги хорижлик IT-мутахассисларни кўчириш жараёни учун қуйидаги қулайликларни тақдим этади:

  • Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиш доирасида вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш, IT-визани расмийлаштириш ва тақдим этишда ёрдам кўрсатиш;
  • Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиш доирасида ижарага бериладиган уй-жой топиш ва тақдим этишда кўмаклашиш;
  • оила аъзоларини (яқин қариндошларини) таълим муассасаларида (болалар боғчаси, мактаб ва бошқалар) жойлаштириш;
  • тармоқ ва алоқа воситалари (мобил алоқа, интернет ва бошқалар) билан таъминлаш;
  • Ўзбекистон Республикаси ҳудудида туристик саёҳатларни ташкил этиш.

Аркадий Добкин, шунингдек, яқин бир неча йил ичида Ўзбекистонда EPAM тизимларини энг кенг миқёсда ривожлантириш ниятида эканлигини таъкидлади. Унга кўра, айрим мамлакатларда компаниянинг тўлиқ ривожланиши учун 10 йил сарфланган, Ўзбекистонда эса бу 3-5 йил ичида содир бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, томонлар Ўзбекистонда ҳар йили ўтказиладиган «EPAM Global» конференциясини ташкил этиш, унинг доирасида EPAM Systems компаниясининг етакчи мутахассислари учун Ўзбекистонда ишлаш учун шароит ва имкониятлар билан танишиш мақсадида IT-тур ўтказилишига тўхталдилар.

Натижада икки томон ҳам юқоридаги барча лойиҳаларни амалга оширишга киришишга келишиб олдилар.

АКТ вазири Шерзод Шерматов бу келишувни ёшларимиз учун хушхабар деб баҳолади.

«EPAM каби катта «айти» компаниялар Ўзбекистонда кўпроқ ходимларни ишга олиш борасида жиддий режа қилмоқдалар. Ёшларимизни EPAM талабларига кўра малакасини ошириш учун эса қўшимча IT Университет очишга ҳам тайёр эканлигини билдирдилар. Ундан ташқари Ўзбекистонга кўпроқ Senior даражадаги мутахассисларни олиб келиб, улар ёрдамида бизнинг Junior даражадаги бошланғич билимларга эга ёшларимизни малакасини оширишга ҳам ёрдам берадилар.

Бу эса юқори малакали ёшларимиз учун Ўзбекистонда оиласи билан яшаб, АҚШ, Европа ва бошқа ривожланган давлатлар бозорига ўз хизматлари экспортини қилиш орқали юқори маош олиш имкониятларини кенгайтиради. Шунинг учун IT соҳасини танлайдиган ёшларимиз ҳозирдан вақтларини тўғри тақсимлаб ўз устиларида қаттиқ ишлашни давом эттиришлари керак», дея изоҳлади соҳа раҳбари.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг