Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шомуродов Англияда – Конференциялар лигаси ярим финалларига превью

Шомуродов Англияда – Конференциялар лигаси ярим финалларига превью

Бугун ҳам Европада футбол байрами давом этиб, Европа конферерациялар лигаси (ЕКЛ) ва Европа лигаси (ЕЛ) ярим финал баҳслари бўлиб ўтади. ЕКЛнинг биринчи ярим финали доирасида Англиянинг «Лестер» жамоаси ҳамюртимиз тўп сураётган «Рома»ни меҳмон қилади.

«Кинг Пауер» стадионидаги қитъа мусобақаси доирасидаги ўйинларда «тулкилар» мағлуб бўлмади. «Рома» ҳам «Буде-Глимт»дан учралган мағлубиятни айтмаса, ҳали турнирда қониқарсиз натижа қайд этмаган.

«Лестер» бу мавсумдаги натижалари билан мақтана олмайди. Гарчан таркиб сифати жиҳатдан анча етук бўлса-да, АПЛдаги рақобат фонида орқада қолиб кетмоқда. «Рома»нинг ҳам чемпионатдаги «миссияси» амалга ошяпти, дейиш қийин. Гарчи «special one» таркибдан келиб чиқиб, «бўрилар»ни ўз ўрнидалигини айтган бўлса-да, португалиялик мутахассисдан жамоани ЕЧЛга олиб чиқиш вазифаси қўйилган эди. Элдор Шомуродов жамоаси 14 йил давомида бирорта соврин ютмаган.

Жозе Моуриньо шогирдлари сўнгги пайтларда ҳимояда кўплаб хатоларга йўл қўймоқда. Сўнгги бешта ўйинда бор-йўғи бир марта ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган. Унинг «Челси»даги сўнгги баҳси (2015 йил) айнан «Лестер»га қарши эди. Ўша ўйинда «тулкилар» 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган ва Жозега чиқиш эшикларини кўрсатиб қўйганди. «Лестер» Европа лигасидаги учта уй ўйинининг иккитасида ва бир марта Конференция лигасида дуранг ўйнади. Бу борада инглизлар мақтана олишмайди.

«Лестер»нинг тахминий таркиби: Шмейхел; Перейра, Фофана, Эванс, Кастань; Мэддисон, Дьюсбери-Холл, Тилеманс, Барнс, Олбрайтон; Варди.

«Рома»нинг тахминий таркиби: Руи Патрисио; Манчини, Смоллинг, Ибаньес; Карсдорп, Мхитарян, Кристанте, Залевски; Пеллегрини, Заниоло, Абрахам.

ЕКЛнинг иккинчи ярим финали доирасида Нидерландиянинг «Фейеноорд» жамоаси «Марсел»ни қабул қилади. «Фейеноорд» олтита ўйин давомида мағлуб бўлмаган ҳолда ўз гуруҳида биринчи ўринни эгаллаганди. Кейин чорак финалда «Славия Прага»ни мағлубиятга учратди. Французлар эса «Қорабоғ», «Базел» ва ПАОКни мағлуб этиб, ярим финал йўлланмасини қўлга киритишди. «Олимпик Марсел» миллий чемпионатида медаллар учун курашдан чиққан ва энди бор эътиборини қитъа миқёсидаги турнирга қаратса бўлади.

«Фейеноорд» ва «Олимпик Марсел» ўртасида иккита учрашув бўлиб ўтган. Икки жамоа 1999-2000 йилги мавсумда УЕФА Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичида тўқнаш келишганди. «Фейеноорд» ўз уйида ғалаба қозонган, жавоб ўйинида эса дуранг қайд этилган.

«Фейеноорд»нинг тахминий таркиби: Офир Марчиано; Тайрел Маласия, Гернот Траунер, Лутшарел Гертруда, Маркус Педерсен; Фредрик Орснес, Оркун Кокчу; Луис Синистерра, Брайан Линссен, Рейсс Нельсон; Сирил Дессье.

«Олимпик Марсел»нинг тахминий таркиби: Стив Манданда; Луан Перес, Уильям Салиба, Духе Калета-Кар, Валентин Ронжье; Бубакар Камара, Герсон, Маттео Гендози; Димитри Пайе, Амин Харит, Седрик Бакамбу.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг