Шовқинсиз саховат: Дунёнинг энг бой аёли пулларини қандай тарқатмоқда?
2019 йилда Жефф Безос билан ажрашиш жараёни якунлангач, Маккензи Скотт қўлида 38 миллиард долларлик Amazon акциялари билан дунёнинг энг бой аёлларидан бирига айланди. Ўшанда кўпчилик учта анъанавий сценарийдан бирини кутганди: ё у дабдабали ҳаётга шўнғийди, ё шахсий медиа империясини қуради, ёки биноларга ўз исмини ёзиб қўядиган улкан хайрия жамғармасига асос солади.
Бироқ Скотт бу йўлларнинг бирортасини танламади. У хайрия дунёсининг барча ёзилмаган қоидаларини парчалаб ташлади.
«Пулни тугагунча баҳам кўраман»
Скотт ўз бойлигини шунчалик тез тарқата бошладики, ҳатто экспертлар ҳам ҳайратда қолди. У Уоррен Баффет ва Билл Гейтс томонидан асос солинган «Giving Pledge» ташаббусига қўшилиб, ҳаёти давомида бойлигининг камида ярмини хайрия қилишга ваъда берди. «Менинг номутаносиб миқдорда пулим бор ва мен уни йўқ бўлиб кетгунча баҳам кўраман», — деб ёзган эди у ўз очиқ хатида.
Aнъанавий жамғармалардан фарқли ўлароқ, унинг стратегияси бюрократия ва назоратни йўқ қилишдир. У ҳисобот беришни талаб қилмайди, шартлар қўймайди ва матбуот хабарларида унинг исми кўринмайди. Пуллар эҳтиёжмандларга яширинча келади ва кўпинча маълум ташкилотлар тарихидаги энг катта хайрияга айланади.
Рақобатбардош аризалар, грант қўмиталари ва КPIлар ўрнига у профессионал тадқиқотчиларга ва заиф гуруҳлар, таълим ташаббуслари, ирқий, гендер тенгсизлиги билан ишлайдиган ташкилотларга тўғридан-тўғри ўтказмаларга таянади ва у ўз блогида кимга, нима учун пул бергани ҳақида оддий рўйхат эълон қилади.
Скоттнинг кичик жамоаси детективлар каби ишлайди: улар зўрға кун кўраётган, аммо жамият учун муҳим ишларни қилаётган ташкилотларни қидириб топишади. Улар орасида банкротлик ёқасидаги озиқ-овқат банклари, эски ускуналар билан ишлаётган қишлоқ касалхоналари, қамоқдан чиққанларга ёрдам берувчи кичик ижтимоий лойиҳалар бор.
Бу ташкилотлар кутилмаганда электрон почта орқали хат олишади: «Биз сизнинг ишингизга ишонамиз ва ёрдам бермоқчимиз». Сўнг ҳеч қандай шартларсиз миллионлаб долларлик маблағ келиб тушади.
Бу саховатнинг натижаси эса ҳайратланарли: Детройтдаги болалар касалхонаси психологлар штатини икки баробар оширишга муваффақ бўлди, туб америкаликлар таълим муассасалари ўз тарихидаги энг катта маблағни қабул қилиб олди, оилавий зўравонлик қурбонлари учун бошпаналар пандемия даврида ўз имкониятларини кенгайтирди.
Бир йил ичида у қарийб 500 та ташкилотга 6 миллиард долларга яқин маблағ ўтказди. Аммо парадокс шундаки, у пулни қанчалик тез тарқатмасин, Amazon акцияларининг нархи ошиб бориши натижасида унинг соф бойлиги ўсишда давом этди. Бу худди уммонни челак билан бўшатишга уринишдек эди.
Форбес маълумотларига кўра, ўнлаб миллиардлаб долларлик хайрияларга қарамай, Маккензи Скотт дунёдаги энг бой одамлардан бири бўлиб қолмоқда. У жамғармани бошқармайди ёки жамоат тадбирларини ўтказмайди, лекин у замонавий хайрия қандай ишлаши мумкинлиги ҳақидаги тушунчани ўзгартиришга муваффақ бўлди. Бошқа миллиардерлар ракеталар учириб, коинотни забт этиш ёки ўзларига ҳайкаллар тиклаш билан банд бўлган бир пайтда, Маккензи Скотт бойликни намойиш қилмасдан тарқатиш мумкинлигини исботлади. Унинг ёндашуви шунчаки хайрия эмас, балки инсониятга бўлган юксак ишонч намунасидир. Скоттнинг саховати туфайли минглаб одамларнинг ҳаёти яхшиланмоқда ва уларнинг аксарияти бу бахт ортида ким турганини ҳам билишмайди. Зеро, ҳақиқий саховат шовқин-суронни ёқтирмайди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter