Сирдарёда сурункали касалларга дорилар бепул берилади

Тажриба-синов лойиҳаси доирасида сурункали касалликларни (юқори қон босими, қандли диабет, астма) шифокор томонидан ёзиладиган электрон рецепт асосида дорихоналар томонидан бириктирилган 11 турдаги дори воситалари билан амбулатор даволанишини ташкил этиш чоралари кўрилмоқда.
Бунда дорихоналар дори воситаларини беморларга бепул бериш ҳамда уларнинг харажатларини жамғарма шартнома ва электрон тарзда юборилган счёт-фактуралар асосида қоплаб бериши режалаштирилган. Бунда дори воситаларининг нархлари Фермацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан ҳар ой эълон қилиб борилади.
Президентнинг 2020 йил 12 ноябрда қабул қилинган «Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан вилоятда кўплаб янгиликлар амалга оширилган.
Хусусан, оилавий шифокор пункти (ОШП)да оилавий шифокор фаолиятини янгича тизимда ташкил қилиш, кафолатланган пакет асосида лаборатор текширувлар ўтказиш, беморларни мутахассисларга йўллаш борасида тизим ишлар йўлга қўйилмоқда. Энг муҳими, тиббиёт муассасига келган беморлар навбатда туриш ташвишидан халос бўлишди, улар олдиндан, ўзига қулай вақтда электрон навбатга ёзилади.
— Сирдарё вилояти соғлиқни саклаш бошқармаси тизимида 63 та мустақил тиббиёт ташкилоти ва унинг таркибида 152 та муассаса фаолият юритади, — дейди Гулистон шаҳар тиббиёт бирлашмаси бош врачи Ю.Мирхонов. — Молиялаштиришнинг амалдаги тизими ажратилаётган маблағларнинг ижтимоий-иқтисодий самарадорлигини оширишга салбий таъсир кўрсатиб келган. Бунда самарасиз харажатлар 40 фоиз, профилактика ишлари учун харажатлар 40, стационар даволаш учун харажатлар 60 фоиздан кўпроқ бўлган. 90 фоиз маблағ иш ҳакига, 10 фоиз маблағ эса тиббий хизматлар учун сарфланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter