Сиз бу музейга борганмисиз?(фото)
«Xabar.uz» Тошкент музейлари фаолияти, экспонатлари ҳақида фото ва мақолалар бериб боришни давом эттиради. «Музейга борамиз» лойиҳамизнинг навбатдаги саёҳати Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейида бўлиб ўтади.
Амалий санъат музейи тарихи 1927 йилга бориб тақалади. Айнан шу йилдан Ўзбекистон усталарининг ижодий ишлари кўргазмаси ўтказилган ва бу доимийга айлантирилган. Намойишга қўйилган экспонатлар сони йилдан-йилга ортиб боргач, 1997 йилга келиб доимий кўргазма Маданият вазирлиги тасарруфига ўтказилиб, Амалий санъат музейи мақомига эга бўлган. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йилдаги қарори билан музей негизида Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейи ташкил этилди.
Манзил: Тошкент шаҳри, Ракатбоши кўчаси 15 уй.
Кириш пулли: 25 минг сўм; ўқувчи, талаба ва нафақа ёшидагилар учун чегирмали нархлар белгиланган. Сешанба ва жума кунлари 18 ёшгача бўлган болалар ва уларга ҳамроҳлик қилувчи ота-оналар (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар) музейга бепул киритилади.
Экскурция хизмати 25 минг сўм.
Иш вақти: 09:00 дан 18:00 гача.
Дам олиш куни: йўқ.
Тўлиқ айланиш учун: 30 дақиқадан 2 соатгача вақт сарфланади.
– Музейимизда 10 мингга яқин халқ амалий санъати нодир асарлари бор. Лекин экспонатларнинг ҳаммасини бир вақтнинг ўзида экспозицияда намойиш қилиш имконсиз. Ҳозирда мингга яқини кўргазма учун қўйилган, – дейди музей матбуот котиби Нодира Собирова. – Музей бир қаватли бинода жойлашган. Экспонатлар 13 та залга мавзулаштирилган ҳолда жойлаштирилган. Тўпланган буюмлар 20 номдаги коллекцияга ажратилиб, шу турлар бўйича экспозицияларда намойиш қилинади. Масалан, миллий матолар, қўл каштачилиги, миллий либослар, миллий чолғу асбоблари, кулолчилик, чиннисозлик, зардўзлик буюмлари, ёғоч ўймакорлиги ва наққошлик, мисгарлик ва пичоқлар каби экспозицияларимиз бор.
– Музей экспонатларининг энг қадимийси қайси асрларга бориб тақалади?
– Музей хазинасида XIX асрнинг биринчи ярмидан ҳозирги кунгача бўлган даврни қамраб олган амалий санъат дурдоналари йиғилган. Музейимизда ўтказиладиган кўргазмалар вақтида уста ҳунармандлар ўзларининг асарларидан, шахсий коллекцияларидан ҳунармандчилик буюмларини совға қилишади. Шу асосда ҳам захирамиз бойиб бормоқда.
– Қайси коллекцияларга қизиқиш катта?
– Туристларни кўпроқ ёғоч ўймакорлиги намуналари, наққошлик қизиқтиради. Аёлларни миллий либосларимиз, тақинчоқлар, каштачилик ва зардўзлик экспозициялари ўзига тортади. Болаларни эса сополдан ясалган ўйинчоқлар, пичоқлар қизиқтириб қўяди. Аслида қўл меҳнати билан қилинган ҳар бир буюмнинг қиймати юқори. Нақшларда, танланган рангларда устанинг кайфияти, маҳоратини кўриш мумкин.
– Наврўз байрами яқинлашмоқда. Музей миллий анъаналаримиз тарғиботчиси сифатида байрамга қандай тайёргарлик кўрмоқда?
– Наврўз байрамига ҳар йили алоҳида дастур ишлаб чиқилиши одатга айланган. Бу йил 19 мартда музей ҳовлисида сумалак тайёрланади. Сумалак пишириш жараёни, миллий анъаналаримиз гувоҳи бўлишни хоҳловчилар учун музей эшиклари очиқ. 20 март куни эса, музейда «Хуш келдинг, Наврўз!» деб номланган концерт дастури ўтказилади. Концертда эстрада ва фолклор-этнографик ансамблларнинг чиқишларидан баҳраманд бўлиб, бирга рақсга тушишингиз, сумалакдан татиб кўриб, музей бўйлаб саёҳат қилишингиз мумкин. Наврўз арафасидаги байрам дастурлари мамлакатимиз аҳолиси учун бепул. Барча юртдошларимизни байрамда кутиб қоламиз.
Дилроз Абраева
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter