Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Собиқ Иттифоқнинг яна бир давлати Россиянинг кутилмаган ҳужумидан хавотирда

Собиқ Иттифоқнинг яна бир давлати Россиянинг кутилмаган ҳужумидан хавотирда

Литва ташқи ишлар вазири Габриэлюс Ландсбергис Россия НАТОга қўққисдан ҳужум қилади деб ҳисоблайди.

«Энг катта муаммо шундаки, биз қанча вақтимиз қолганини билмаймиз. Биз украиналиклар Россияни Германия ёки Литва чегарасидан 1000 км нарида тўхтатиб қолади деган умиддамиз. Лекин реал воқелик шуки, Россия яна 400 минг ҳарбийни сафарбар қила олади.  У янги танк ва янги қуроллар ишлаб чиқармоқда. Тажовузкор қўшнимиз НАТОни синаб кўриш ниятида. Бунга тайёр туришимиз керак», – дейди Литва вазири ZDF нашрига берган интервьюсида.

Дипломатга кўра, Ғарб «иккинчи Пёрл Ҳарбор»ни, яъни Россия ҳужумини қўл қовуштирганча кутиши тўғри эмас.

«Ҳар бир Европа мамлакати жанубдан, шимолдан, шарқдан, ғарбдан Россия ҳамласига нишон бўлишига томошабин бўлиб тура олмаймиз. Чунки Россия шундай имкониятга эга. Хавфсизлигимиз ўзаро боғлиқдир – агар Литва хавфга рўбарў келса, Европанинг қолган қисмларини ҳам шу (истиқбол) кутади. Демак, биргаликда ҳимояланишимиз керак», – дейди Габриэлюс Ландсбергис.

Литва ҳукумати вакили Ғарб давлатларини Украинага кўмакни изчил давом эттириш, жумладан, Германияни Киевга олис масофага учувчи Taurus ракеталарини беришга чақирган.

Кейинги вақтларда Россиянинг НАТОга эҳтимолий ҳужуми ҳақида очиқ баёнотлар янграмоқда.

Президент Владимир Путин ҳарб майдонида Украинани мағлуб этгудек бўлса, НАТОга қарши уруш очади, деб ҳисоблайди хавфсизлик бўйича Мюнхен халқаро конференцияси раҳбари Кристоф Ҳойсген.

Бир ой аввал Германия мудофаа вазири Борис Писториус ҳам мамлакат Россия билан ҳарбий можарога тайёрланиши кераклигини айтганди.

Аввалроқ Америкадаги Урушни тадқиқ қилиш институти (ISW) Болтиқбўйи мамлакатлари Кремлнинг Украинадан кейинги нишони бўлади деган тахминни илгари сурган.

Фараз ва тахминлар амалий ҳаракатга ҳам ундамоқда. Германия НАТО ва Россия ўртасидаги уруш режасини ишлаб чиқмоқда. Берлин сценарийсига кўра, қуролли зиддият 2025 йилнинг ёзида бошланиши мумкин.

Москва Молдовада оммавий намойишлар ўтказиш орқали ҳукуматни ағдаришга уринишда ҳам айбланган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг