Солиқ солинмаган фақат ҳаво қолди. Карим Баҳриев мақоласи
Ҳали 2018 йилда Давлат солиқ қўмитаси хабар қилгандики, 13,2 миллион фаол фуқародан фақат 5,8 миллион киши расман ишлайди. Бундан икки баробар кўп аҳоли ўзини-ўзи боқади ва яна давлатга божлар, турли-туман солиқлар, акцизлар, пенялар ва ҳоказолар тўлайди. Ҳа, шундай. Чунки у ёки бу маҳсулотга киритилган акциз ҳам, кирадиган маҳсулотга юкланадиган солиқ, бож ва бошқа тўловлар ҳам, бензинга қўшиладиган йўл солиқлари ҳам — уларнинг истеъмолчисига юкланади, чунки маҳсулот ишлаб чиқарган тадбиркор ёки олиб кириб сотадиган ҳар қандай тожир, алал-оқибат, барча харажатларини маҳсулот нархига қўшади ва ўзининг фойдасини ҳам юклаб, бозорга чиқаради. Зарарига ё фақат савобга ишламайди-ку. Ҳаммаси учун халқ тўлайди.
АЖАБО...
Биз бирор соҳага, масалан, бензинга солиқ солинса ёки акциз солиғи оширилса: «Ўзи бу «нефтгазчи»лар ёки «заправка»чилар бойиб, ҳаддидан ошиб кетди, солиқ солиб боплабди», — деймиз. Бу ҳам аслида бизга солинган солиқдир, зеро бензинни кейин ошган нархда сотиб оламиз. Бу — ҳаммамизга солинган солиқ, ҳатто ҳайдовчи бўлмасак ҳам, машинамиз бўлмаса ҳам. Чунки бизга сотишга пиёз олиб келган бозорчи ҳам, заводига эҳтиёт қисмлар олиб келаётган тадбиркор ҳам, буғдойни тегирмонга ташиётган деҳқон ҳам, унни тегирмондан олиб келаётган новвой ҳам, унинг нонини дўконига ташиётган дўкончи ҳам — бензин нархи ошганидан ташиш харажати ошгани туфайли нархни оширади. Кўчадан музқаймоқ сотиб олган одам ҳам ўша бензин солиғини тўлайди аслида. Иқтисоднинг замири шу. Ҳаммаси охир-оқибат халққа тушади.
Заиф бир таскин бор: «Ахир, шу солиқдан нафақахўр нафақа олади, болалар мактабда ўқийди, талаба стипендия олади, милиция маош олади...». Давом этишимиз мумкин — кундан-кунга кўпайиб бораётган вазирлик ва қўмиталар, минглаб мансабдорлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари, ҳарбийлар, шифокорлар маош олади. Бу таскиннинг заифлиги шундаки, солиқ тўлаётганлар — асосан меҳнаткашлар, давлат корхоналари имтиёз кетидан имтиёз олаверадилар, давлат миқёсида тўловчи қисми заифлашиб, олувчи қисми баҳайбатлашаверса, иқтисод кўтара олмай қоладими, деган ўринли хавотир бор.
Қолаверса, «текин» боғча, мактаб, олий таълим кундан-кунга йўқолмоқда, «текин медицина» изчил пуллик медицинага ўтиб боряпти... Ҳамма соҳага «бозор шароитига ўтиш», «бозор механизмларини жорий этиш» баҳонасида халқни — истеъмолчини, ишловчи халқни талаш бошланиб кетган. Бир янги давр ҳикмати эсга келади: «Ишловчиларни асранг, уларни йўқ қилсангиз, фақат текширувчи ва назорат қилувчилар қолади... Халқ адо бўлса, амалдорларни кейин ким боқади?!»
АДОҚСИЗ ТЎЛОВЛАР
Бирор нарсани тўқимаймиз, халқ ҳаммасини кўриб турибди. Бутун асъаса-ю дабдабамиз аслида меҳнат қилаётган, маҳсулот яратаётган, иш ўринлари ташкил қилаётган, давлат ва ундан ҳам кўп ўз манфаатига қайишадиган мансабдорлар тортиб олганидан қолган озгина топганига иш юритадиган тадбиркорлар — солиқ тўловчилар туфайлидир. Агар шу иқтисод юраётган бўлса, бу ҳам унинг маҳсулотини сотиб олаётган истеъмолчи халқ туфайлидир. Халқнинг қўлида пул бўлмаса, иқтисод тўхтайди. Юрт фаровон бўлиши учун истеъмолчи халқ қўлида пул қолиши керак. Бутун иқтисодни юритаётган халқнинг ҳаммасидан орттирган бир ҳовуч пулига кўз тикиб, янги ва янги тўловлар ўйлаб топилаётганига ҳайратланасан, киши.
Ҳаммасини санаб ўтиришга вақт ҳам, жой ҳам етмас. Лекин воқеалар тадрижини бироз тавсифлаймиз.
СОЛИҚ ТУРЛАРИ
- Фойда солиғи (юридик шахслардан ҳам, жисмоний шахслардан ҳам олинади);
- Қўшилган қиймат солиғи
- Акциз солиғи
- Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ва тўловлар
- Мол-мулк солиғи
- Ер солиғи
- Ободонлаштириш солиғи
- Жисмоний шахслардан транспорт учун бензин, дизел ёнилғиси ва газ солиғи
- Айрим маҳсулотлар учун яна қўшимча фойда солиғи
- Юқори фойдага солиқ
- Юқори даромадга солиқ
- Сотишдан олинадиган солиқ...
- .........
БЕИХТИЁРЛИКДА БОРМИ БИЗДА ИХТИЁР...
Агар қарз оламан десангиз, банклар кредит фоизини 25-35 фоизга чиқарган, машина миниб кўчага чиқсангиз, ИИВ ходимлари жарима солади (қоидабузарлик учун, аммо унинг ставкалари маошга нисбатан даҳшатли даражада юқори), дори-дармонлар қиммат, бозордаги нархлар ҳар соат ошади, магазиндан олаётган маҳсулотингиз бошқа давлатларникидан қиммат, чунки «табиий ва нотабиий монополиялар четдан кирадиган арзон маҳсулотлар йўлига катта божлар тўсиғини қўйиб, ўзиникини қимматга сотади, мажбурий коммунал тўловлар (ҳар куни ошаётган газ, сув, чиқиндилар, уй-жой учун тўлов, электр энергияси, кабель телевизор, йўлакларнинг тозалиги, кадастр учун, маҳалладаги хайриялар учун тўланадиган маблағлар, мобил алоқа, мана, энди карантин жарималари, шаҳар ҳокими киритган қабристондаги жой ва хизмат учун тўловлар...
Биз бир қисмини санаган солиқ ва тўловлар, бу ерда келтирилмаган минглаб йиғимлар, божлардан ташқари «норасмий харажатлар» — поралар, «откатлар», «боғча ё мактаб таъмири учун», «муаллимлар байрамига», «фалончи фалончиевичнинг туғилган кунига», «имтиҳонларга», «мактабга кириш жойига ўрнатилган турникет учун» ва ҳоказо қистир-қистирлар...
Биз шуларнинг ичида фидойиларча кун кўрмоқдамиз. Бир донодан: «Даромад нима?» — деб сўраганларида, у: «Даромад — тортиб олгунларича оғзингча чайнаб, ютиб қолганингдир. Қолгани ҳали сеникилиги гумон...», — дебди.
КАТТА РАҚАМЛАР ТЕХНОЛОГИЯСИ
Тўлаб турганларимиз устига янгилари пайдо бўлмоқда.
Бир вақтлар кўчага машина миниб чиққандаёқ, милиция тўхтатар эди: «Ака, қоида бузганингиз йўқ, лекин, мана, техник талонингиз топ-тоза экан. Битта «қоидабузарлик» ёзиб, келинг, энг арзони — тасма тақмаганлик, йигирма бир минг жарима ёзайлик. Бизга ҳам битмай турган «Бунёдкор» стадионини Ислом ака очиши керак экан, ИИВга пул тушириш юкланган, катта ишга ҳисса қўшяпсиз, ака», — дерди.
Агар балиқчига солиқ солинса, беш-ўн минг киши солиққа тортилади. Бу давлат учун ҳеч нарса бўлмайди. Шундай соҳаларга солиш керакки, миллионлаб фуқароларга тегишли бўлсин, триллионлаб пул тушсин.
Фуқароларнинг сони ўттиз миллион, йигирма миллионида паспорт бор. Ўн миллионтаси машина минади... Форумлар саройи битиши керак — ойнани қорайтирганга жарима... Етмаяптими — биометрик паспорт киритамиз, камида йигирма миллион киши бир минимал маош бож тўласа, неча триллион бўлади.
Икки қаватли айланма йўл қуришимиз керак — ҳайдовчилик гувоҳномаларини алмаштирамиз.
Кўп қаватли «сити»лар қурилиши лозим — ойна қорайтиришни пуллик қиламиз (тўғри, аввал террористларни машина ичида кўриб бўлмайди, деб рухсат бермаганмиз, лекин пули бўлса, қорайтираверсин). Барибир пул етмаяптими, паспорт ўрнига ID-карталар киритамиз (биометрик паспортда ҳам электрон чипи бор, иккиси бир, лекин алмаштиришда бож тўлашади-да).
Яна пул керак, бюджетнинг ейдиганлари бор, қўшимча топиши керак Молия вазирлиги — хорижга бориш стикерини хорижга чиқиш паспортига алмаштирамиз, оворагарчилик аввалгидай, лекин паспорт учун бож стикерникидан қимматроқ...
Шамол томларни учирдими, тўғон ўпирилдими — эртадан йўлларга кўчма камералар ва радарларни олиб чиқишга рухсат беринглар, ҳатто йўл четида тўхтаган машиналарни суратга олиб кетаверсин ва ишхонага келиб, ҳаммасига «тўхташ жойига рухсат бўлмаган ерга қўйгани учун жарима соламиз. Тўғри, машиналар турадиган жойлар қурилмаган, лекин бу бизнинг муаммо эмас...»
СУВ СОЛИҒИ
Биз бу мавзуни фикрлаб, қоралаб турганда янги хабар келди:
Ўзбекистонда сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ босқичма-босқич оширилади. Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2020 йил 22 майдаги «Қишлоқ хўжалигидасувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва сувни етказиб бериш бўйича харажатларни қоплаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 310-сон қарор қабул қилинди. Сув хўжалиги вазирлигига 2020 йил 15 июнгача сувни етказиб бериш бўйича харажатларни инобатга олган ҳолда сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаларининг янги миқдори юзасидан таклифларни Молия вазирлигига тақдим этиш топширилди. Тижорат банкларига сув истеъмолчиларига сув олиш жойларини сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозлаш учун кредитлар ажратиш тавсия этилди.
Яна бир хабар куни кеча пайдо бўлди: транспорт воситалари учун утилизация солиғи солинади...
Шукур, ҳозирча ҳаво солиғи солингани йўқ.
ДАРВОҚЕ...
Газ, электр, маиший хизмат соҳаларини модернизация қилиш ҳисобига таннархни туширишга оид дастурлар, йўл хариталари бўлишига қарамасдан, соҳадаги муаммоларни истеъмолчилар ҳисобидан ҳал этиш — вақт-вақти билан нархни ошириш анъанаси давом этмоқда. Бунинг устига, газ ва электр ўғирликларини ёпиш учун аҳолига фойдаланганидан ортиқча тўлов юклаш амалиёти ҳам бор. Матбуот шундай хабар бермоқда. Ўзбекистонликларга газ, электр ва бошқа коммунал хизматлар учун 1,3 триллион сўм қарз нотўғри ёзилганлиги аниқланди, деб хабар беради «Podrobno.uz». Аниқланишича, 429 минг электр истеъмолчисига асоссиз равишда 545 миллиард сўм қарз юкланган, 212 мингдан зиёд газ фойдаланувчисига ортиқча 430,8 миллиард сўм қарз ёзилган.
ДАРҲАҚИҚАТ...
Солиқлар, тўловлар, божлар — бюджетнинг асосидир. Лекин у мутаносиб бўлиши керак. Иқтисодни ҳалок этар даражада бўлмаслиги шарт. Инсон ўзи ўтирган шохини кесмайди, давлат ҳам ўзини яшатаётган солиқ тўловчисини адо қилмайди.
Ижтимоий адолат шуни талаб этадики, солиққа тўланадиган пул бюджетга тушиши керак, солиқ ходимининг чўнтагига бормаслиги шарт. Бу соҳага ишга киришга талабгорларнинг кўплиги бу ерда ҳаммаси ҳам тоза эмаслигини кўрсатади, чунки «қўшимча даромад» бор соҳаларга ишга кириш қийиндир, порасиз эмасдир.
Солиқчи дегани қароқчи дегани эмас-ку. Янги ислоҳотлар аввалида, бундан роппа-роса икки йил олдин, 2018 йил 5 июнда Шавкат Мирзиёев бу соҳа ҳақида шундай деганди: «Бозорнинг катталари ҳам булбулдек сайраяпти. Кимга қанча бергани, нималар қилганини. Булар замона зайли билан халқнинг бошига чиқиб олганди, қариндош-уруғи билан чиқиб олганди. Энди бундай бўлмайди. Валломат бўсаям кетади. Тошкент бозорларидан тушумлар бюджетга эмас, амалдорларнинг чўнтагига тушган. «Чилонзор» буюм савдо комплексида 791 нафар шахс солиқ тўламасдан савдо қилиб келаётгани аниқланди. Тошкент шаҳридаги автомобилларни сақлаш жойларидаги тушумлар назорати йўқлиги туфайли маҳаллий бюджетга 18 миллиард сўмдан ортиқ солиқ туширилмаган. Шунча пул чўнтакка кетган».
Яна Президент шундай деди: «Товар айланмаси 1 миллиард сўмдан зиёд бўлган 77 та корхона битта ишчи ишлайди деб ҳисобот бериб келган. Буни солиқчи билмайдими? Билган, олиб келавер, қолгани билан ишинг бўлмасин, деган. 2017 йилда қарийб 7 миллиард сўмлик иш бажарган ва бир ишчи ишлайди деб ҳисобот берган корхонада 16 киши солиқ тўламасдан ишлаши маълум бўлди...»
«Турмада ўтирганлар айтиб беряпти — битта солиқчи ишга жойлашиш учун 30-40 минг доллар бераркан, жаноб Йўлдошев (Солиқ қўмитасининг собиқ раиси Ботир Парпиевнинг собиқ биринчи ўринбосари Абдусалом Йўлдошев — у ҳозир ҳибсда) каттаконига обориб бераркан», дея давом этганди президент. — Бизда солиқ тизими йўқ, ҳаммасини нолдан бошлаш керак. Қуйи поғонадаги солиқчилар нима қилиш керак, қандай ишлаш кераклигини билмайди. 70 фоизи коррупция билан боғлиқ, мана шуни ҳамма билиши керак».
Ҳаммаси — тинимсиз айтилаётган бу сўзларнинг амалда акс этишига боғлиқлигича қолмоқда. Бир нарса аёнки, мамлакатнинг фаровонлиги фуқаролар қанча кўп солиқ тўлаётганига, халқдан қанча кўп пул олинаётганига қараб эмас, одамларнинг қўлида қанча қолаётгани билан белгиланади. Халқ бой, маҳсулотларни сотиб олишга қодир бўлсагина, иқтисод ишлайди ва юксалади. Одамларнинг қўлидаги пул заводларни, фабрикаларни, магазинларни, транспортни, автобус ва таксиларни, сартарошхона ва бозорларни — бутун ҳаётни ҳаракатга келтиради. Шуни унутмаслик керак.
Карим Баҳриев,
Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter