Сохта табибларга нисбатан жавобгарлик белгиланмоқда
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган — «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги Қонунда соғлиқни сақлаш амалиётида ташхис қўйиш ва даволашнинг фақат қўллашга рухсат этилган усулларидан фойдаланилиши белгиланган.
Аммо ташхис қўйиш ва даволашнинг рухсат этилмаган усулларини қўллаган ҳолда тиббий ёрдам кўрсатганлик учун жавобгарлик чоралари назарда тутилмаган.
Мазкур қонун билан фуқароларга тиббий ташхис қўйиш ва уларни даволаш хизматларини халқ табобати соҳасидаги фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан кўрсатганлик, шунингдек хизматларни халқ табобати йўналишида рухсат этилмаган усулларни қўллаган ҳолда моддий қимматликлар олиш ёки мулкий наф олиш эвазига кўрсатганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.
Шу билан бирга, мазкур хизматларни омма олдида тарғиб қилганлик учун маъмурий жавобгарлик ўрнатилмоқда. Бундан ташқари, «Реклама тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни халқ табобати йўналишида рухсат этилмаган усулларни қўллаган ҳолда фуқароларга тиббий ташхис қўйиш ва уларни даволаш хизматларини реклама қилишни тақиқловчи норма билан тўлдирилмоқда.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter